Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Москвага ташриф буюради
Россия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ўринбосари, Президентнинг Яқин Шарқ ва Африка мамлакатлари бўйича махсус вакили Михаил Богданов журналистларга Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббоснинг Москвага кутилаётган ташрифи ҳақида маълум қилди. Богдановнинг сўзларига кўра, ташриф «яқин келажакда» амалга оширилади.
«Фаластин Озодлик Ташкилоти бутун Фаластин халқининг қонуний вакили, биз ўнлаб йиллар давомида бу муносабатларни жуда конструктив тарзда қуриб келмоқдамиз. Бу ташриф барча йўналишларда алоқалар ва ҳамкорликни давом эттириш учун жуда муҳим», — деди дипломат.
«РИА Новости» дипломатик манбасига кўра, ташриф 12-14 август кунларига мўлжалланган, Аббос ва Россия президенти Владимир Путиннинг 13 августда учрашуви кутилмоқда.
❕ Ташриф давомида Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилиш, минтақада тинчлик ва хавфсизликни ўрнатиш бўйича келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш режалаштирилган.