Европа Иттифоқи ёзда болаларга ижтимоий тармоқларга киришни чекламоқчи
Европа Иттифоқи шу ёзда болалар ва ўсмирлар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга чекловлар жорий этиши мумкин. Бундай имконият ҳақида Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляен маълум қилди.
Европа расмийлари вояга етмаганларни хавфли контент ва ижтимоий тармоқларга қарамликдан ҳимоя қилиш ниятида эканликларини маълум қилди.
Шунингдек, улар медиакомпанияларни Европа Иттифоқининг тавсиялари ва қонунларига амал қилишни истамаётганликда айбламоқда.
“Биз технологияларнинг яшин тезлигида ривожланаётганини ҳамда уларнинг болалар ва ўсмирлар ҳаётининг барча жабҳаларига кириб бораётганини кузатяпмиз. Бу ерда ҳозир бўлганларнинг барчаси билганидек, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш учун минимал ёш чегараси масаласини энди эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Европа Иттифоқининг деярли барча мамлакатлари шундай чеклов жорий этиш заруратини баҳолашга чақирмоқда”, деди Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляен.
Маълум қилинишича, Европа Комиссияси болаларга ижтимоий тармоқлар таъсирини ўрганмоқда. Агар экспертлар хулосаси тасдиқланса, шу ёздаёқ тегишли қонун лойиҳаси тақдим этилади.
Сўнгги пайтларда Европанинг бир нечта мамлакати “тармоқда балоғатга етиш” концепциясининг ўз лойиҳаларини ишлаб чиқди, бу каби ҳужжатларнинг айримлари аллақачон кучга кирмоқда.
Брюсселда бутун блок учун ягона қоидалар ва механизмлар бўлиши зарур, деб ҳисобланмоқда. Европа комиссияси вояга етмаганлар орасида қарамлик ва ижтимоий хавотир каби муаммоларни ҳал қилишга қаратилган эҳтимолий чораларни баҳолаш учун болаларнинг онлайн хавфсизлиги бўйича мустақил экспертлар гуруҳини тузди.
Европа Иттифоқи учун асосий муаммолардан бири ёшни текширишнинг умумий техник ечимини топиш бўлди. Бир ой аввал ЙИ фойдаланувчиларнинг ёшини тасдиқловчи илованинг “техник жиҳатдан тайёр” экани ҳақида хабар берган эди.
Бу илова ЙИнинг барча мамлакатларига расман тавсия қилинди, бироқ айрим давлатлар техник заифликлар ва шахсий маълумотларнинг сизиб чиқиши эҳтимоли борлигига ишора қилиб, бунга эҳтиёткорлик билан муносабат билдирди.
