Дин ишлари бўйича қўмита: «Диний қадриятларни аския объектига айлантириш оқлаб бўлмайдиган ҳатти-ҳаракат ҳисобланади»

Дин ишлари бўйича қўмита: «Диний қадриятларни аския объектига айлантириш оқлаб бўлмайдиган ҳатти-ҳаракат ҳисобланади»

Аввалроқ Azon.uz орқали Azon.uz таҳририятидан ЗўрТВ телеканалига раддия номли мақола чоп этилган эди. Унда телеканалда эфирга узатилган Хонтахта кўрсатувида мусулмонлар минг тўрт юз йилдан бери амал қилиб келаётган никоҳ аҳкомларининг устидан калака қилиниши на қонун, на инсоф, на мантиқ ва на соғлом ақлга сиғадиган бир ҳодисалиги айтилиб, мутасадди ташкилотлардан ушбу ишга ҳуқуқий баҳо берилиши сўралган эди.

Azon.uz га маълум қилинишича, Дин ишлари бўйича қўмита ушбу кўрсатув юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаевга шу йилнинг 15 февраль санасидаёқ тушунтириш ишлари олиб бориш юзасидан хат йўллаган.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Н. Абулҳасан имзоси билан юборилган хатда (хат нусхаси таҳририятда мавжуд) диний қадриятлар, расм-русумлар ва ибодатларни аския объектига айлантириш, ҳар қандай эзгу мақсадда бўлмасин, оқлаб бўлмайдиган ҳатти-ҳаракат ҳисобланиши, никоҳ, маҳр ва талоқ мавзулари устидан аския қилиш оғир гуноҳ бўлиш билан бир қаторда, эътиқодий манбаларда шариат ҳукмлари устидан кулувчилар диндан чиқиши хавфидан огоҳлантирган.

Шу билан бирга, бу каби диний мазмундаги латифалар айтиш, аҳоли орасида миллий ва диний қадриятларга нисбатан беписандлик, эътиборсизлик ва шаръий мавзуларга ҳурматсизлик кайфиятини шакллантириб, дин арбоблари ва юртимиз диндорлари орасида норозилик кайфиятининг келиб чиқишига, уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлишлиги таъкидлаб ўтилган.

Дин ишлари бўйича қўмита бу каби ҳолатларнинг такрорланмаслигини таъминлаш ҳамда аҳоли орасида турли ихтилоф, эътироз ва тушунмовчиликларни келтириб чиқишининг олдини олиш мақсадида юртимизда фаолият олиб бораётган санъаткорлар ва ижод вакиллари билан тушунтириш ишлари олиб бориш бўйича кўрсатма беришингизни сўраймиз , дейилади хат сўнгида.

Azon.uz ахборот-таҳлилий портали таҳририяти ЗўрТВ телеканали орқали намойиш этилган Хонтахта кўрсатувининг 99-сонида актёр Толиб Ҳожиев томонидан Виртуал никоҳ мавзусида айтилган аскияни Ислом ва мусулмонлар номига ҳақорат деб билади ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан кўрсатув меҳмони, кўрсатув ташкилотчилари ҳамда уни эфирга узатишга ижозат берган бадиий кенгашнинг хатти-ҳаракатларига Ўзбекистон қонунчилиги асосида ҳуқуқий баҳо берилишини сўрайди.

Шу билан биргаликда, Маданият вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Ўзбекконцерт ташкилоти томонидан ўз ваколат доираларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган барча қизиқчиларга тарихий шахслар, шунингдек, диний ва ирқий мавзулар устидан ҳазил-мутойиба қилмаслик зарурлиги ҳақида кенг миқёсли тушунтириш ишлари олиб борилиши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.

Manba: azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!