Cифатсиз “Akfa” эшик-ромлари истеъмолчининг эътирозига сабаб бўлди
Истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатларини кафолатлайдиган қонунчилик базаси яратилганига қарамасдан, сифати паст товарларни сотиш, талабга жавоб бермайдиган хизматларни кўрсатиш каби ҳолатлар учрамоқда. Буни Хатирчи тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига келаётган ариза мурожаатлардан ҳам билиш қийин эмас.
Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон тумани, Вайрат МФЙда яшовчи М. Норбоева яхши ниятда янги қурган иморатига ўрнатиш учун AKFA эшик ва ромлари ўрнатиш мақсадида Ўзбекинвест-94 хусусий корхонаси раҳбари Д. Жамилов билан ўзаро оғзаки шартнома орқали 11 620 000 (ўн бир миллион олти юз йигирма) минг сўмлик ишларни бажариш бўйича келишиб олишади. Келишувга биноан корхона ходимлари 15 кун муддатда сифати юқори бўлган AKFA эшик ва ромларини фуқаро хонадонига ўз вақтида ўрнатиб беришлари лозим эди. Дастлабки бажарилган иш ва ўрнатилаётган ромлар анчайин сифатсизлиги хонадон бекасига ёқмасада, у қолган ишларни сифатли ва ўз вақтида бажаришни талаб қилди. Лекин белгиланган муддат ўтиб кетса-да на усталардан, на эшик-ромлардан дарак бўлди. Корхонага берилган 11 620 000 сўм маблағ ҳам қулоғини ушлаб кетган га ўхшаб қолди.
Бир неча марта қилинган телефон қўнғироқлари ҳам жавобсиз қолди. Усталарнинг бу қилиғидан норози бўлиб, таажжубга тушган М. Норбоева жамиятимизга шикоят аризаси билан мурожаат қилди.
Хатирчи тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг мутахассиси С. Назаровнинг айтишича, ушбу мурожаат жамият ходимлари томонидан Ўзбекинвест-94 хусусий корхонаси раҳбари Д. Жамилов иштирокида қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатда ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижасида ўрнатилган AKFA эшик ва ромлари сифатсизлиги ҳамда тўлиқ ўрнатилмаганлиги, умуман, фуқаронинг эътирозлари ўринли эканлиги аниқланди.
Тадбиркорга Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида ги қонуннинг мазмун ва моҳияти тўлиқ тушунтирилди. Натижада фуқаронинг хонадонига ўрнатилган сифатсиз эшик ва ромлар сифатлисига алмаштирилиб, қолган барча ишлар тез ҳамда сифатли амалга оширилди.
Manba: xs.uz
