Юртимизда иммунизация ҳафталиги ўтказилмоқда

Юртимизда иммунизация ҳафталиги ўтказилмоқда

Ҳар йили апрель ойининг охирги ҳафталигида дунё бўйлаб, жумладан, ЖССТ Европа минтақасида “Иммунизация ҳафталиги” кунлари бўлиб ўтади. Бу йилги тадбирлар мамлакатимиздаги даволаш-профилактика муассасаларида 21 апрелда бошланган бўлиб, 27 апрелгача давом этади.

🩺 Бунда аҳоли орасида юқумли касалликларнинг олдини олишда вакцинациянинг аҳамияти тўғрисида тарғибот ишлари олиб борилиб, болаларни эмлаш тадбирлари амалга оширилмоқда.

🎉 Ҳафталикнинг бу йилги дастурида жаҳон бўйлаб Кенгайтирилган иммунизация дастурининг 50 йиллиги нишонланмоқда. Ушбу дастур доирасида сўнгги ярим аср давомида аҳоли орасида вакцина орқали бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши эмлаш туфайли кўплаб инсонлар, хусусан, болаларнинг ҳаёти сақлаб қолингани, аҳолининг умри узайгани аҳамиятга молик.

💉 Кенгайтирилган иммунизация дастури 1974 йилда яратилганида болаларни олтита касалликдан ҳимоя қилишга йўналтирилган бўлса, бугунги кунда у инсоннинг бутун ҳаёт цикли давомида эмлаш тавсия этиладиган 13 та универсал вакцинани ва маълум вазиятларга қараб тайинланадиган 17 та қўшимча вакцинани ўз ичига олган ҳолда кенгайтирилди.

— Болаларнинг соғлом вояга етишида вакцинация энг самарали усуллардан бири ҳисобланади, — дейди Санитария-эпидемиология ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш қўмитаси бўлим бошлиғи Дилором Турсунова. — Иммунизация ҳафталиги давомида олиб борилаётган эмлаш тадбирлари келгусида юқумли хасталикликлар билан касалланишнинг олдини олишга қаратилган.

🌐 ЖССТ маълумотларига кўра, сўнгги йилларда пандемия даврида жаҳон бўйича иммунизация йўналишида ўсиш бироз секинлашди. 2022 йилда дунё бўйлаб 2021 йилга нисбатан 4 миллион нафардан кўпроқ бола эмланган бўлса-да, 20 миллион нафар бола бир ёки бир нечта вакцина дозасини олмаган. Шундай бўлса-да, жаҳонда иммунизация қамрови юқори — ҳар 5 боладан 4 нафари эмлашнинг тўлиқ курсини олади. Бу эса келгусида уларнинг ҳаёти сақланиб қолишини англатади.

✅ Ҳафталикдан кўзланган асосий мақсад ҳам шу — ҳар бир инсон вакциналарнинг ҳаётни сақлаб қолувчи афзалликларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлишини таъминлаш.

📌 Эслатиб ўтамиз, юртимизда болаларни режали равишда 13 турдаги юқумли касалликлар — гепатит В, сил, полиомиелит, ротавирус инфекцияси, бўғма, қоқшол, кўкйўтал, Хиб инфекцияси, қизамиқ, эпидпаротит, қизилча, пневмококк, одам папиллома вирусига қарши вакциналар билан эмлаш ўтказилади.

‼️ Ҳозирда мамлакатимизда бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши профилактик эмлаш билан қамраб олиш даражаси 95-98 фоизни ташкил этмоқда. (https://telegra.ph/file/641038bd9d3ce0c167925.png)


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!