Йод танқислигини даволовчи миллий дори воситаси яратилди

Йод танқислигини даволовчи миллий дори воситаси яратилди

Уни Тошкент фармацевтика институтининг Фармация йўналиши 5-босқич талабаси Суннатулло Фазлиев ихтиро қилди.

– Ҳозирга қадар йод танқислигида тавсия этиладиган дори воситалари четдан олиб келинарди, – дейди С.Фазлиев. – Албатта, устига қўшимча нархлар қўшилгач, қимматлашади. Ҳамма ҳам сотиб ололмайди. Ўзбекистонда эса бундай дори воситаси йўқ эди.

Биринчи босқичдан буён устозлар кўмагида ишлаб биринчи маҳаллий препаратни яратдик. У арзон ва самарадор. Энг муҳими 90 фоиз маҳаллий хомашёдан олинади. Агарда хориждан кириб келаётган бундай дорилар 20-30 минг сўм бўлса, янги дорининг нархи 12-13 минг сўм оралиғида бўлади. Бунда керакли моддалар “меҳмон -мезбон” усулида бирлаштирилган. Инсон танаси учун ортиқча бўлган йод моддаси бошқа моддалар била бирлашиб, нохуш ҳолатларни келтириб чиқармайди. Балки, кераклиси танада қолиб, ортиқчаси чиқиб кетади.

Айни вақтда ихтиро Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармасига кўриб чиқиш ва тиббиёт амалиётига рухсат олиш учун тақдим этилган.

Биламизки, йод танқислиги Марказий Осиё аҳолиси учун долзарб масалалардан бири. Ваҳоланки, бу модда етишмаслиги туфайли ёш болалар ақлий ривожланишдан ортда қолиб кетиши мумкин.

Ҳозирда Суннатулло Анорганик, аналитик, физик ва коллоид кимё кафедрасида амалга оширилаётган “Йод-β-циклодекстрин субстанцияси ҳамда капсула дори шаклини олиш технологиясини ўзлаштириш ва ишлаб чиқаришга тайёрлаш” ҳамда “Маҳаллий хомашёлар асосида пребиоэнтеросорбент олишнинг юқори самарали технологиясини ишлаб чиқиш” мавзуларидаги инновацион лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, Суннатулло Фазлиев бу дори воситасини бирданига яратгани йўқ. Бунга қадар у бир қатор босқичларни босиб ўтди. Энг аввало у халқаро Д.И.Менделеев олимпиадасининг ғолиби сифатида ўқишга имтиҳонсиз қабул қилинган эди. Дастлаб илмий ишларини маҳаллий хомашё асосида гемостатик таъсирга эга “Лагоден” дори воситасини олиш технологиясини ишлаб чиқишдан бошлади ва илк бор “Лагоден” гелини олишга эришди.

2014 йилда “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. 2017 йилнинг март ойида Беларусда ўтказилган кимё, физика, биология ва математика фанларидан комплекс тузилган “СТЕНД” олимпиадасида бронза медали соҳиби бўлди.

Ўтган йили ҳаммуаллифликда ўрта ҳамда ўрта-махсус таълим тизимида таҳсил олаётган ўқувчиларга мўлжалланган “Кимё. Тез ва осон ўрганиш” номли китоб чоп этилди.

Жорий йилда “Кимёдан олимпиада масалалари” номли китоби босмадан чиқди. Чунки айнан шу йўналишда ўзбек тилида замонавий, ишончли ва қулай адабиёт йўқлиги сабабли кимёга қизиқувчи кўпгина иқтидорли ёшлар олимпиадаларга тайёргарлик кўришда катта қийинчиликларга дуч келаётган эди.

Ёш ихтирочи Халқаро суд токсикологлари ассоциацияси, Дориларнинг терапевтик мониторингги ва клиник токсикология халқаро ассоциацияси аъзоси ҳисобланади.

Manba: ЎзА​​


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!