Хитой 7 нафар тайванлик сиёсатчига санкция эълон қилди

Хитой 7 нафар тайванлик сиёсатчига санкция эълон қилди

Тайваннинг 7 нафар сиёсатчиси сепаратизм ва орол мустақиллигини қўллаб-қувватлаганликда айбланиб, Хитой томонидан жорий қилинган санкцияга учради. Уларга материк Хитой ҳудудига кириш тақиқланди. Мазкур ахборотни ХХР Марказий телевидениеси тарқатди.

Тегишли рўйхатда Тайвань вакили Сяо Мэйцинь, сиёсатчилар Гу Лисюн (Веллингтон Ку) ва Чэнь Цзяохуа, кўпчилик қатори оролга ташрифи давомида АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосини қабул қилган Қонунчилик юани (Тайвань парламенти) спикери ўринбосари Цай Цичан, шунингдек Тайвань Демократик тараққиёт партияси Бош котиби муовини, жуда фаол сиёсатчи Линь Фэйфань ҳамда шу партия аъзолари Кэ Цзяньмин ва Ван Динъюй қайд этилган.

ЎзА хабар берганидек, айни пайт Тайванга Эд Марки бошчилигидаги америкалик конгрессменлар делегацияси ташриф буюрган. Режага кўра, улар оролда юқори мартабали мулозимлар билан АҚШ ва Тайбэй муносабатини, минтақавий хавфсизлик, савдо ва инвестиция, глобал маҳсулот етказиб бериш занжири, иқлим ўзгариши каби қатор ўзаро манфаатли муҳим, долзарб масалаларни муҳокама қилишни кўзлашяпти.

Қўшма Штатлардан гуруҳ оролга келгани маълум бўлгач, ХХР Мудофаа вазирлиги расмий вакили У Цянь Хитой армияси Тайбэй ва Вашингтон келишувига жавобан, яна бир бор Тайвань атрофида ҳарбий ўқув машғулоти ва қўриқлаш тадбири ўтказиши тўғрисидаги баёнот билан чиқди.

Умуман, америкалик сиёсатчиларнинг мазкур ташрифи Тайвань туфайли юзага келган, Пелосининг оролдаги учрашувлари оқибатида шундоқ ҳам кескинлашган вазиятни янада таранглаштириш эҳтимоли юқори. Ахир, сўнгги 25 йил ичида АҚШдан Тайбэйга бу даражада юқори лавозимли шахс келмаганди.

Табиийки, Пекин Вашингтоннинг ушбу қадамига дарҳол қарши муносабат билдирди. Аниқроғи, шунчаки муносабат билдирди, дейиш тўғри бўлмасди. Балки, зудлик билан ўзига хос жавоб чораларини кўрди: орол қирғоғи яқинида ҳарбий ўқув машқи ўтказди, Пелоси ва унинг қариндошлари ҳамда Тайвандаги икки жамғармага нисбатан санкция эълон қилди, оролга қарши савдо чеклови жорий этди.

Хитой ТИВ Вакиллар палатаси спикерининг ташрифи билан боғлиқ эҳтимолий салбий оқибатлар учун масъулиятни Вашингтон ва Тайбэй зиммасига юклаб қўйишни ҳам унутмади.

Маълумки, Пекин Тайвань суверенитетини тан олмаган, оролни ўз ҳудуди, деб ҳисоблайди. Тайбэйнинг хорижий давлатлар мулозимлари ёки ҳарбийлари билан алоқа, муносабат ўрнатишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатига кескин қарши чиқади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!