Ўзбекистонлик талаба Кореядан Тошкентга иситма билан қайтди

Ўзбекистонлик талаба Кореядан Тошкентга иситма билан қайтди

Ўзбекистонда 7 март соат 09:00 ҳолатига COVID-19 коронавирус инфекцияси қайд этилмади. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги маълум қилди.

15 январдан 6 мартгача бўлган даврда Хитой ва 29 февраль кунидан эпидемик вазият нохуш бўлган давлатлардан Ўзбекистонга жами 6 311 нафар фуқаро (шундан 1132 нафари Хитой ва Корея фуқаролари) келган, улардан 1 410 нафарининг саломатлиги устидан тиббий кузатув давом этмоқда.

Санитария-карантин пунктларидан 6 март куни Тошкент халқаро аэропорти орқали хорижий давлатлардан 25 та рейсда 4 113 нафар, темир йўллар орқали бешта поездда жами 609 нафар шахс, давлат чегара-божхона постлари орқали 1 882 та автотранспортларнинг эгалари ва 37 730 нафар йўловчи термометриядан ўтказилган.

Шундан 303 нафари охирги 15 кун ичида коронавирус тарқалган давлатлардан келган бўлиб, улар орасида Жанубий Кореядан келган бир нафар ўзбекистонлик талабада тана ҳарорати меъёрдан юқорилиги аниқланган. Бемор Вирусология илмий-текшириш институти клиникаси ётқизилган, лаборатория усулида текширилганда коронавирус инфекцияси аниқланмаган.

«Агарда сизда COVID-19 коронавирус инфекцияси ва у билан боғлиқ вазият юзасидан қўшимча савол тўғилса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг 71-276-49-66 телефон рақамига мурожаат қилишингиз мумкин», — дейилади агентлик ахборотида.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!