Ўзбекистонлик қизлар “Google” компанияси мутахассислари билан учрашди

Ўзбекистонлик қизлар “Google” компанияси мутахассислари билан учрашди

Жорий йил 6-10 август кунлари АҚШнинг Калифорния штатида ўтказилган “Technovation Challenge” халқаро танлови финалида дунёнинг энг яхши 12 жамоаси орасида ўзбекистонлик ёш қизлар ҳам илк бор ўз лойиҳалари билан иштирок этди.

2010 йилдан буён дунёнинг 80 мамлакатида ўтказиб келинаётган ушбу технологик ишланмалар танловида қизлар жамоаси тузилиб, долзарб масалани аниқлаш, уни ҳал этиш имконини берувчи илова ишлаб чиқиши ва лойиҳанинг молиявий жиҳатдан амалга оширилиши учун зарур компанияга асос солиш керак бўлади. Мазкур танловда иштирок этган қизларда танқидий фикрлаш, тадбиркорлик ва дастурлаш, жамоавий ишлаш ҳамда аудитория билан мулоқот қилиш кўникмалари ривожланади. 

Танлов финалида машҳур олим, дастурчилар ва соҳа ишбилармонларидан иборат ҳакамлар юзлаб лойиҳаларни кўриб чиқди. Унда мамлакатимизнинг “Generation Z” жамоаси қизлари оилада гендер тенглиги, уй юмушларини ўғил ва қиз болалар ўртасида тенг тақсимлашга мўлжалланган “ELIST” лойиҳаси тақдимотини намойиш этди. 

– Мусобақа финалида қатнашиш учун жуда кўп тайёрландик, – дейди танлов иштирокчиси, “Generation Z” жамоаси аъзоси Муслима Аҳророва. – Лойиҳамиз барчанинг эътирофига сазовор бўлди. Муҳими, билимимни ошириб, кўплаб дўстлар орттирдим. Танлов доирасида турли жойларга саёҳат қилдик. Жумладан, “Google” компанияси мутахассислари билан учрашувимиз менда катта таассурот қолдирди.

Якунда Севинч Шарифжонова, Муслима Аҳророва, Тамила Сагиндикова ва Фарангиз Муратоваларнинг тақдимот ишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди. Улар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Manba: uza.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!