Ўзбекистонда қанча биржа бозори фаолият юритади?

Ўзбекистонда қанча биржа бозори фаолият юритади?

ЎзРВБда тўртта биржа бозори фаолият юритади: валюта, пул, давлат қимматли қоғозлари ва деривативлар бозорлари. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Ўзбекистон Республика валюта биржаси ахборот хизмати раҳбари Гулшан Асанова маълум қилди.

2023 йил ЎзРВБ учун жадал ривожланиш ва муҳим ютуқлар йили бўлди. Келинг, уларни бирма-бир кўриб чиқамиз.

Бугунги кунда ЎзРВБда тўртта биржа бозори фаолият юритади. Булар: валюта, пул, давлат қимматли қоғозлари ва деривативлар бозорларидир.

Ҳозирги кунда ЎзРВБ аъзолари 35 та тижорат банки ва 6 та брокерлик компаниясидан иборат.

Бугунги кунда ЎзРВБ инфраструктураси савдо платформалари, ҳисоб-китоб клиринг ва депозитар тизимларини қамраб олган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-291-сонли “Капитал бозорини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ЎзРВБ таъсисчилигида “Миллий клиринг маркази” АЖ ташкил этилиши ҳисобига биржа инфратузилмаси янада кенгайди.

Бундан ташқари, ЎзРВБ депозитар тизимида чет эл номинал сақловчиларнинг ҳисобварақлари, шахсий ҳисобварақлар ва омнибус-ҳисобварақларини очиш учун шароитлар яратилган. Бу билан давлат қимматли қоғозлари савдоларида, шу жумладан РЕПО операцияларида чет эл номинал сақловчиларнинг иштирок этиши имконияти таъминланади.

2023 йилда ЎзРВБ савдоларининг умумий ҳажми 2022 йилга нисбатан қарийб 42 фоизга ошиб, 999,5 триллион сўмни ташкил этди. Бу таҳминан 81 миллиард АҚШ долларига тенг бўлиб, биржа тарихидаги рекорд кўрсаткич бўлди.

ЎзРВБ бозорларининг умумий савдо ҳажмидаги улуши қуйидагича:

➡️ пул бозори – 48,31%

➡️ валюта бозори - 45,83%

➡️ қарз бозори – 5,86% ни ташкил қилади.

Юқоридаги ўсиш бир қатор омиллар ҳисобига таъминланди, масалан:

давлат облигациялари бозорига қарайдиган бўлсак:

хорижий инвесторлар, шу жумладан Европа тикланиш ва тараққиёт банки, ICBC ва шу каби йирик инвесторлар давлат қимматли қоғозларини сотиб олиш бўйича битимлар тузишни бошлади;

қимматли қоғозлар бозорида бирламчи дилерлар фаолияти жорий этилди. Улар бир вақтнинг ўзида маркет-мейкер сифатида ҳам фаолият юритиб, иккиламчи бозор ликвидлигини таъминлайди;

ЎзРВБда инфляцияга боғланган ва инфратузилмани ривожлантириш учун мақсадли молиялаштириш бўйича муомала муддати 10 йил бўлган узоқ муддатли давлат қимматли қоғозларининг савдоси ташкил этилди;

Давлат облигациялари бирламчи савдолари натижалари бўйича ҳисоб-китоблар Т+0, Т+1 ва Т+2 режимида амалга оширилиши учун шароитлар яратилди.

РЕПО бозори бўйича гапирадиган бўлсам:

Марказий Банк РЕПО аукционларини ўтказишда бозор нархини қўллаш ва дисконт амалиёти жорий этилди. Шу билан бирга дилерлараро РЕПО операциялари учун ҳам бозор нархини қўллаш имконияти яратилди;

банклараро пул ва РЕПО бозорларида операцияларни ўтказиш вақти узайтирилди. Яъни, банк тўлов куни ёпилгандан сўнг, қўшимча равишда яна 30 дақиқа ичида савдо қилиш мумкин бўлди;

Марказий банк бошқаруви қарорига мувофиқ, пул бозоридаги операциялари, шу жумладан, РЕПО ва кредит операциялари бўйича гаров таъминоти учун 5% дисконт амалиёти жорий этилди;

РЕПО операциялари бўйича “one click” тизими ишга туширилиб, натижада ушбу битимлар бўйича ҳисоб-китоблар вақти оптималлаштирилди;

Деривативлар бозорида муддати бир, икки, уч, олти, 9 ва 12 ой бўлган фьючерс шартномалари савдоси ташкил этилди. Бунда базавий актив бўлиб АҚШ долларининг сўмга нисбатан курси ҳисобланади.

2024 йилда ЎзРВБнинг режалари қуйидагилардан иборат:

  • биржа инфратузилмасини ривожлантириш;
  • хорижий инвесторларни жалб қилиш учун шароитларни янада такомиллаштириш;
  • суғурта компаниялари, пенсия жамғармалари ва бошқа йирик корпоратив юридик шахслар орқали ДҚҚ бозорининг иштирокчилари сонини ошириш;
  • жозибадор молиявий инструментларни жорий қилиш орқали савдо инструментлар қаторини янада кенгайтириш.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!