Ўзбекистонда ички ишлар органлари фаолиятида дронлардан фойдаланиш жорий этилади

Ўзбекистонда ички ишлар органлари фаолиятида дронлардан фойдаланиш жорий этилади

Ўзбекистонда ички ишлар органлари фаолиятида дронлардан фойдаланиш жорий этилмоқда, деб хабар беради ЎзА.

Қайд этилишича, бу тизим ходимларига енгиллик яратиш мақсадида амалга оширилиб, қурилма ИИОга фавқулодда вазият ҳақида тезкор маълумот олиш ва зудлик билан бартараф этиш имконини бериб, вақтни ва ресурсларни тежайди, харажатларни камайтиради.

ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти томонидан ҳудудларда хизмат олиб бораётган профилактика инспекторлари, йўл-патрул хизмати инспекторлари, ИИОнинг бошқа соҳавий хизмат ходимларини ўқитиш бўйича учта махсус ишчи гуруҳ тузилган”, — дейди ИИВ Ахборот технологиялари бўйича бўлим бошлиғи Шоҳрух Мухторов.

Тасдиқланган режага асосан, Андижон вилояти ИИБ ва ҳудудий тузилмалари ходимлари учун назарий ва амалий машғулотлар ташкил этилган. Уларда ходимларга дронларнинг турлари, тактик-техник таснифлари ҳамда ишлатиш тартиби ҳақида тушунтиришлар берилган.

Хизмат вазифасини бажаришда технологиялардан фойдаланиш орқали жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ва олдини олиш борасидаги кўникмалар шакллантирилган.

Таъкидланишича, йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимида учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш юқори самарадорликка имконият яратади. Хусусан, йўл-транспорт ҳодисалари, йўлларда қоидабузарликларни аниқлаш, қидирув-қутқарув, жумладан, олиб қочилган ва ўғирланган автомобилларни топиш имконини беради.

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 2 май куни дронлардан ноқонуний фойдаланганларни озодликдан маҳрум этишни кўзда тутувчи қонунни имзолаган эди. Қонунга кўра, Жиноят кодексига учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш учун уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси киритилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!