Ўзбекистон таэквондо терма жамоаси Осиё ўйинларидаги энг юқори натижасини қайд этди

Ўзбекистон таэквондо терма жамоаси Осиё ўйинларидаги энг юқори натижасини қайд этди

Осиё ўйинлари дастурига биноан 19 августдан старт олган таэквондо бўйича баҳслар 5 кун давом этиб, бугун ўз ниҳоясига етди.

Спортнинг бу йўналиши бўйича мусобақаларда 16 нафар атлет Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб, 1 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронзани терма жамоа умумий жамғармасига қўшиб қўйишди. Шу тариқа, 6 тадан медаль қўлга киритилган таэквондо ҳамда эркин ва юнон-рум кураши ҳозирча Ўзбекистон делегациясига энг кўп соврин олиб келган спорт турлари бўлиб турибди.

Таъкидлаш жоиз, Жакарта-2018 ўзбек таэквондочилари учун энг муваффақиятли ўтган Осиё ўйинлари сифатида тарихда қолади.

Шу тариқа, ўзбекистонлик таэквондочилар ушбу спорт турида 6 та медаль Осиё ўйинларининг 4-жамоаси бўлишди. Кучли учликни Жанубий Корея (12 та медаль), Эрон (7) ва Таиланд (4) терма жамоалари банд этишди. Гарчи таиландликларда медаллар сони 4 та бўлса-да, олтин медаллар принципи бўйича (2 та олтин ва 2 та бронза) улар кучли учликдан жой олишди.

Совриндор спортчиларимизга келсак, терма жамоанинг илк медалини 20 август куни -67 кг вазн тоифасида Нигора Турсунқулова қўлга киритди. У илк жангида ҳонгконглик рақибини катта фарқ билан (22-2) мағлуб этгач, чорак финалда макаолик спортчидан устун келди. Финал йўлида жанубий кореялик рақибга қарши даянга чиққан Турсунқулова4:14 ҳисобида енгилди. Шу тариқа, 19 ёшли Нигора бронза медали билан тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз, Рио олимпиадаси иштирокчиси Турсунқулова шу йилнинг май ойида Вьетнамда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида кумуш медаль соҳиби бўлганди. Нигора 4 йил олдинги қитъа биринчилигини бронза медали билан якунлаган.

Шу куни эркаклар ўртасидаги баҳсларда ҳам ўзбекистонлик спортчи медалга сазовор бўлди. -58 кг вазн тоифаси вакили Ниёз Пўлатов финалга қадар хитой тайпейилик, таиландлик ва эронлик рақибларини мағлуб этиб, ҳал қилувчи жангда жанубий кореялик Ким Тайхунга 6:24 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Шу тариқа, таэквондода дастлабки кумуш медаль қўлга киритилди.«Мен Осиё ўйинларида илк бор иштирок этдим. Бу мен учун катта шараф. Бундан ташқари, мен куч синашган рақиблар жуда кучли эди, улар орасида жаҳон чемпионлари ҳам бор эди, шу сабаб баҳслар осон кечмади. Ютуғимни Ватанимга, президентимга, ота-онам ва мени дуо қилиб қўллаб-қувватлаган барчага бағишлайман», – деди Ниёз Пўлатов. Маълумот учун, 19 ёшли спортчимиз май ойидаги Осиё чемпионатида бронза медални қўлга киритганди.21 августда ҳам бир кун олдингига ўхшаш натижалар қайд этилди. 20 августда бўлгани каби баҳсларга киришган 3 таэквондочимиздан 2 нафарининг бири бронза, иккинчиси кумуш медални қўлга киритди. +67 кг вазн тоифасида баҳсларга киришган Светлана Осипова эронлик ҳамда камбожалик рақибаларини мағлуб этгач, ярим финалда қозоғистонлик спортчига 3:9 ҳисобида мағлуб бўлди. Шу тариқа, 18 ёшли Светлана терма жамоа ҳисобига яна бир бронза медалини қўшиб қўйди.Бундан ташқари, шу куни Дмитрий Шокин (+80 кг) ҳиндистонлик ва иорданиялик таэквондочиларни енгиб, финалга қадар етиб борди ва олтин медаль учун баҳсда эронлик атлетга қарши чиқди. 2:1 ҳисобида олдинда бораётган Шокин сўнгги лаҳзаларда ташаббусни рақибга берди ва 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйди – иккинчи кумуш. Шокин бундан тўрт йил аввал Инчеонда ўтказилган ўйинларда ҳам финалда имкониятни бой берганди. Ўшанда у кореялик таэквондочига 6:7 ҳисобида ютқазиб қўйган.«Мағлуб бўлиш оғир, бироқ кеча бўлган нарса бу кеча эди. Кейинги мусобақаларга тайёргарлик кўриб, катта ютуқларга эришишга уринамиз. Умуман олганда, Осиё ўйинларидаги натижаларим ёмон эмас – 2та кумуш. Лекин, асосий мақсад – Олимпия ўйинлари медали. Бунга ҳам ҳаракат қиламан», – дея фикр билдирди Шокин финал жангидан бир кун ўтгач.Таъкидлаш жоиз, Дмитрий баҳордаги қитъа биринчилигида ҳам кумуш медалга сазовор бўлганди. Рио олимпиадаси иштирокчиси 2014 ва 2016 йилги Осиё чемпионатларида чемпион бўлган.

22 август куни ниҳоят олтин медаль қўлга киритилди. -80 кг вазн тоифасидаги вакилимиз Никита Рафалович дастлаб Монголия ва Афғонистон терма жамоалари вакилларини йирик ҳисобларда таслим этиб, ярим финалда иорданиялик рақибидан устун келди. Рафалович финал баҳсида жанубий кореялик таэквондочини 21:18 ҳисобида мағлуб этиб, Осиё ўйинлари чемпионига айланди. 4 йил олдин у эронлик рақибига имкониятни бой бериб, кумуш медаль билан тақдирланган эди.

«Кайфиятлар жуда яхши. Бунга узоқ вақтдан бери ҳаракат қилаётгандим, аввалги Осиё ўйинларида ғалаба қозонишнинг имкони бўлмаганди. 4 йил давомида тинмай ишладим, ўзига яраша тажриба орттирдим. Осиё қитъасида таэквондо бўйича 3-ўриндамиз, Эрон ва Корея бироз олдинроқда. Аммо, бу спорт тури бўйича ривожланиш катта, ёш, умидли вакилларимиз бор» – деди чемпион Никита Рафалович финал баҳсидан сўнг.

Қувонарлиси, Никитанинг халқаро майдондаги натижалари тобора яхшиланиб бормоқда: у Осиё чемпионатлари доирасида 2014 йили бронза, 2016 йил кумуш ва 2018 йил олтин медалларни қўлга киритган эди. Бу сафарги Осиё ўйинларида олтин олган Рафаловичнинг Инчеонда кумуш билан чеклангани ҳақида эса юқорида айтиб ўтдик. Никита, шунингдек, икки йил олдин Рио олимпиадасида ҳам иштирок этган.23 августда яна бир кумуш медаль қўлга киритилди.  -49кг вазн тоифасида баҳсларда қатнашган Мадинабону Маннопова мусобақа давомида Ҳонгконг, Ливан ва Япония вакилларини мағлубиятга учратиб, финалгача етиб борди. Ҳал қилувчи баҳсда эса таиландлик Панипак Вонгпаттанакитга имкониятни бой берди ва якунда кумуш медаль соҳибасига айланди. Эндигина 17 ёшга кирган атлет учун бу ёмон кўрсаткич эмас. Унинг фаолиятида ўсиш бўлганини қуйидаги фактдан ҳам билиш мумкин: Мадинабону май ойидаги Осиё чемпионатининг финали остонасида жанубий кореялик рақибига мағлуб бўлиб, бронза медали билан кифояланган эди.Таъкидлаш жоиз, тўрт йил олдинги Осиё ўйинларида Осиё ўйинларида таэквондо бўйича ягона олтин медаль Жасур Бойқўзиевга насиб этган эди. Юқорида таъкидланидек, Инчеонда Дмитрий Шокин ҳамда Максим ва Никита Рафаловичлар кумуш медаль совриндори бўлишган. Ўшанда ҳам терма жамоамиз медаллар сифати бўйича жадвалда 4-ўринни эгаллаганди. 2016 йил Рио де Жанейро мезбонлигида ўтган ёзги Олимпиадани таэквондочиларимиз медалсиз якунлашган эди, демакки, эндиги марра аниқ – Шокин айтганидек, Олимпиадада совриндор бўлиш.

Manba: 7news.uz

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!