Тошкентда “Турк дунёси мулоқотлари: муштарак келажак, муштарак қараш” панели ўтказилди
Туркия Республикаси Президенти Администрацияси Ҳузуридаги Коммуникация бошқармаси Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида “Турк дунёси мулоқотлари: Муштарак келажак, Муштарак қараш” мавзусида панель дастурини ташкил этди.
2026 йилнинг 29–30 октябрь кунлари Анқарада бўлиб ўтадиган Турк давлатлари ташкилоти (ТДТ) Давлат ва ҳукумат раҳбарларининг 13-саммити олдидан Коммуникация бошқармаси томонидан ТДТга аъзо ва кузатувчи мамлакатларда туркум панеллар ўтказилмоқда.
Ушбу туркум панелларнинг биринчи тадбири Остонада, иккинчиси Бокуда бўлиб ўтган эди. Туркумнинг учинчиси эса бугун Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида ўтказилди.
Дастур Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) ректори проф. др. Содиқ Сафоев ҳамда Туркия Республикасининг Тошкентдаги фавқулодда ва мухтор элчиси др. Уфуқ Улутушнинг кириш сўзлари билан бошланди.
Туркия Президенти Администрацияси Ҳузуридаги Коммуникация бошқармаси раҳбари проф. др. Бурҳонеттин Дура́н эса иштирокчиларга видеомурожаат йўллади.
Бурҳонеттин Дура́н ўз видеомурожаатида Турк давлатлари ташкилотининг халқаро ҳамкорликка очиқ ва кенг қамровли қарашига эътибор қаратиб, Турк дунёсининг транспорт, энергетика, савдо ҳамда рақамли иқтисодиёт соҳаларида йўлга қўяётган шериклик алоқалари муҳимлигини таъкидлади.
Халқаро тизимдаги инқирозлар ва ортиб бораётган геосиёсий рақобат фонида Турк давлатлари ўзаро бирдамликни мустаҳкамлаши зарурлигини қайд этган Коммуникация бошқармаси раҳбари умумий тарих ва маданий мерос ушбу ҳамкорликка пойдевор бўлаётганини билдирди. Оммавий ахборот воситалари ва коммуникация соҳасидаги ҳамкорликка ҳам тўхталиб, дезинформация, нафрат тили ҳамда рақамли манипуляциялар жамиятлар тинчлиги ва мамлакатлар ўртасидаги жипсликка салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтиб ўтди. Бу каби хавф-хатарларга қарши маълумот ва тажриба алмашишни ошириш, биргаликда платформалар яратиш ҳамда инқироз даврларида ахборот-коммуникация салоҳиятини кучайтиришга чақирди. Шунингдек, Анқара саммити олдидан ташкил этилаётган ушбу панеллар Турк дунёсининг умумий келажаги учун ғоявий замин яратишига ишонч билдирди.
