Тошкентда олий маълумотли фирибгар қўлга олинди

Тошкентда олий маълумотли фирибгар қўлга олинди

Мамлакатимизда таълим тизимини янада ривожлантиришга, ёшларимизнинг олий маълумот олишига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Қўшнидавлатларнинг олий таълим муассасаларида ўқиётган ўзбекистонлик ёшларга юртимиздаги илм даргоҳларида ўқишини давом эттиришга рухсат берилганлиги ёшлар учун катта имконият эшикларини очди, десак муболаға бўлмайди.Бу янгиликдан халқимиз хурсанд. Аммо гуруч орасида курмак бўлгани каби, бу қулайликлардан ўз манфаати йўлида, яъни чўнтагини қаппайтириб қолишни кўзлаётганлар ҳам борлиги ачинарлидир.

Тошкент шаҳрида туғилган, 44 ёшни қоралаб улгурган, бугунги кунда Тошкент вилояти, Қибрай тумани, “Салар” ҚФЙда истиқомат қилаётган Ахрор Муллажонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган — таҳририят) ана шундай фирибгарлардан чиқиб қолди.  

Олий маълумотли, оилали, бир фарзанднинг отаси А. Муллажонов жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2009 йил 21 августдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 276-моддаси (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 1-қисми билан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган, судланганлик ҳолати тугалланган.

2020 йилнинг май ойида фуқаро А. Турсунов таксида йўловчилар билан суҳбатлашиб кетаётганида, йўловчилардан бири олий таълим муассасаларига ўқишга жойлаштириб қўйиши мумкинлигини айтади. А. Турсунов илтимос қилгач, Ахрор унга телефон рақамини беради. Июль ойининг бошларида эса Ахрор кутганидай Турсунов унга қўнғироқ қилиб, ўқишга кирмоқчилигини, шу масалада ёрдам беришини сўрайди. Ахрор тузоғига тушган А. Турсунов билан 2020 йил 10 июль куни Қибрай тумани “Ўнқўрғон” ҚФЙдаги “Иффат” тўйхонаси олдида учрашади ва унга бу иш “осонгина” битмаслигини тушунтиради, юқори лавозимда ишлайдиган танишлари борлиги, ўшалар орқали ўқишга жойлаштириб қўйишини айтади. Бунинг мушкул томонлари кўплигини, Қозоғистон Республикаси Чимкент шаҳридаги “SILK WAY” халқаро университетида 1 йил ўқиганлиги ҳақида қалбаки ҳужжат қилиб беришини, бу маълумотнома билан Тошкент давлат иқтисодиёт университети ёки Тошкент ирригация институтига гўёки ўқишни кўчириб ўтказган ҳисобланиб, 2-босқичдан ўқишни давом эттириши мумкинлигини айтади. Аммо бу ишлар қуруқдан-қуруқ бўлмаслигини, “мансабдор” таниши бу ишларни ҳал қилиши учун 3 000 АҚШ доллари сўраётганлигини айтади.

Аввалига Аҳмад Турсунов унинг ваъдаларига ишонади. Йиққан-терганини тўплаб, етмаганига қариндош-уруғларидан қарз олишни мўлжаллайди.

Тунни тонгга улаб китоб ўқимасдан, ҳатто университетга ҳужжат ҳам топширмасдан бирданига олий таълим муассасасининг 2-курс талабаси бўлиб қолиш кимга ҳам ёқмайди, дейсиз! Аммо кейинчалик ўйланиб қолди: олийгоҳ талабаси ҳам бўлар. Балки уни тугатиб ҳам олар, ишга ҳам жойлашар. Аммо, бир кунмас-бир кун 1-курсни ўқимагани маълум бўлиб қолса-чи? Унда ҳам пули, ҳам меҳнати куйиб кетмайдими? Таниш-билишлари орасида юзи шувит бўлиб қолмайдими? Ана унда ҳам ишидан, ҳам обрўсидан мосуво бўлиши аниқ.

Мана шу фикр унга тинчлик бермади. Балки 1-курсдан ўқишини айтганида индамай айтилган пулни топиб, икки қўллаб олиб бориб берарди. Аммо… давлатлараро олийгоҳларнинг ҳужжатларида алдамчилик бўлса, бунинг муаммоси мушкул бўлиши ҳақидаги ўй уни бу ишдан тўхтатди.

Ниҳоят Аҳмад бир қарорга келди: 2020 йил 11 июль куни Давлат хавфсизлик хизматига ариза билан мурожаат қилди.

Аҳмад Турсунов Ахрор Муллажоновнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари тўғрисида маълум қилгач, 2020 йилнинг 14 июль куни Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари унинг аризасидаги важларни текшириб кўриш учун тезкор тадбир ташкил қилади ва икки нафар холис иштирокида унга кимёвий ишлов берилган 3 000 АҚШ доллари ҳамда овоз ёзиш мосламаси тақдим қилишади.

Судда аниқланишича, А. Муллажонов ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида 2020 йил 14 июль куни соат 16:00 да Тошкент вилояти, Қибрай тумани, “Университет” кўчасида жойлашган Тошкент давлат аграр университети тўғрисидаги автотураргоҳ олдига боради. У ерда Аҳмад Турсуновдан ўша вақтдаги банк курси бўйича қиймати 30 570 000 сўмга тенг бўлган 3 000 АҚШ долларини санаб олиб, ҳужжатлар билан қўшиб чўнтагига солади. Шу пайт уларнинг олдига фуқаролик ки­йимида келган шахслар ўзларини департамант ходимлари деб таништириб, Юнусобод туманида жойлашган Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти биносига олиб боришади…

Ахрор Муллажонов судда укаси Э. Мирзабеков 2019 йил июль ойида автоаварияга учраб ногирон бўлиб қолганлигини, карантинда оиласи моддий томондан қийналиб, пулга муҳтож бўлганлигини, Аҳмад Турсуновдан олган пулларни укасининг операцияси учун ишлатиб, кейин бу пулларни қайтариб бермоқчи бўлганлигини, оиласини моддий таъминлаш унинг бўйнида эканлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб, суддан ўзига нисбатан енгиллик беришни сўради.

А. Муллажоновга Жиноят кодексининг 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш), 61-модда (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) лари тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 2 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Бирон қонунга хилоф ишни қилиб, жиноий жавобгарликка тортилганлар кўпинча қилаётган ишининг жиноят эканлигини билмасдан қилганлигини таъкидлаб, панжара ортида ўтаётган умрига ачинишади, қилган ишидан афсусланишади. Ахрор Муллажонов-чи? Олий маълумотли бўла туриб, ўзи ва ўзгалар ҳақ-ҳуқуқларини била туриб жиноятга қўл урди. Бунинг устига иккинчи бор суднинг қора курсисига ўтирди. Олий таълим олиб, давлатимиз яратган имкониятлардан фойдаланган, ҳалол меҳнати билан жамият ривожига ҳисса қўшиши лозим бўлган А. Муллажоновнинг икки бор жиноятга қўл уриши инсонийликнинг ҳеч қайси кўринишига тўғри келмайди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!