Тест натижалари таҳлил қилинди

Тест натижалари таҳлил қилинди

Миллий матбуот марказида 2018-2019 ўқув йилида олий ҳарбий ва олий таълим муассасаларида бўлиб ўтган тест синовлари якуни бўйича матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз олий таълим муассасаларига кириш тест синовларини адолатли, холис ва шаффоф ўтказиш орқали билимли ёшларнинг ўқишга қабул қилинишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Давлат тест маркази масъуллари мавзуга доир кўплаб маълумотларни айтди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги “Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига асосан жорий йил 5 июнда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия ва Давлат божхона қўмитаси тасарруфидаги 8 олий ҳарбий таълим муассасасида тест синовлари ўтказилди. Бу йил 6 минг 66 (2017 йил 7 минг 680) нафар абитуриентдан ариза тушган бўлиб, тест синовларини ўтказиш учун Тошкент ва Жиззах шаҳарларида жойлашган 5 катта сиғимли бино ва павильонлардан фойдаланилди.

– Тест синовларида 5 минг 876 нафар абитуриент иштирок этган бўлса, 60 нафар абитуриент турли сабабларга кўра тест синовларида қатнашмади, – дейди Давлат тест маркази тест синовларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Улуғбек Норалиев. – 130 нафари эса тест қоидаларини бузгани туфайли синовдан четлатилди. Натижалар ўз вақтида ҳисобланиб, эълон қилинди. Олий ҳарбий таълим муассасаларига ҳужжат топширган ва тест синовларида иштирок этган абитуриентлардан эътироз тушмаган.

Президентимизнинг 2018 йил 4 июндаги “2018/2019 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасиниинг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарори ижросига кўра, жорий йилда кундузги, махсус сиртқи, кечки ва сиртқи таълим шакллари бўйича 814 минг 952 (2017 йилда 729 минг 947) нафар абитуриент ҳужжат топширди. Бир ўринга 8,9 (2017 йилда 11,0) нафар абитуриент тўғри келди. Маълумотларга кўра, Тошкент давлат юридик университетида давлат гранти 223,5 ва тўлов-контракт бўйича 176,7 энг юқори ўтиш баллари тўпланган.

Тадбирда соҳа мутахассислари барча таълим шакллари бўйича 2018-2019 ўқув йилига кириш тест синовлари натижалари хусусида сўз юритди. Журналистларнинг келгусида тест синовлари жараёнини мунтазам ривожлантириб бориш, тест топшириқларининг сифатини оширишга оид саволларига атрофлича жавоб берди.

ЎзА


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!