“Ташаббус –2018”: Яна иккита номинация қўшилди

“Ташаббус –2018”: Яна иккита номинация қўшилди

“Ташаббус –2018” кўрик-танловининг Гулистон шаҳридаги Амфитеатр майдонида бўлиб ўтган Сирдарё вилояти босқичида ана шу ҳақда маълумот берилди. Яъни бундан буён танлов ғолиблари аввалгидек 3 та эмас, бешта йўналишда аниқланадиган бўлди. Булар: “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”, “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”, “Йилнинг энг яхши тадбиркори, “Йилнинг энг яхши фермери” ҳамда “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” номинацияларидир.

Вилоят босқичида туман-шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 52 нафар иштирокчи қатнашди. Оқолтин туманилик ёш тадбиркор, “Баҳодир ўғли Дониёр” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дониёр Тошпўлатов туяқуш боқиш билан шуғулланаётганлиги бу йилги танлов тадбирида ўзига хос янгилик бўлди. Дониёрнинг айтишича, туяқушларининг 25 таси Африканинг ўзидан, ёввойи табиати билан дунёга машҳур ҳисобланмиш Калахаредан келтирилибди. Қолган 28 тасини эса Риштон туманидаги тадбиркор етказиб берибди. “Туяқушнинг нафақат гўшти ёки тухуми, балки патидан тирноғигача даромад келтиради. Билишимча, тирноғи олмосга ишлов беришда қўлланилар экан. Шу боис менда ана шу фойдали паррандани боқиш ҳамда кўпайтириш бўйича қизиқиш уйғонди ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашлар туфайли лойиҳамни амалга оширдим”, дейди Дониёр Тошпўлатов.

Якунда барча номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Уларга қимматбаҳо совғалар ва дипломлар тантанали равишда топширилди.

Manba: xs.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!