Таркибида гиёҳванд моддаси бор дори сотувчилар ушланди

Таркибида гиёҳванд моддаси бор дори сотувчилар ушланди

Сурхондарё вилояти Денов туманидаги Ўрикзор маҳалласида яшовчи Сўпиев Панжибой мижозга 20 дона “Трамадол” психотроп моддасини 60 минг сўмга сотаётганида ушланиб, холислар иштирокида ҳужжатлаштирилди.

“Бободехқон” озиқ-овқат бозори” масъулияти чекланган жамияти ҳудудида содир бўлган ушбу ҳодиса юзасидан олиб борилган суриштирув ишлари чоғида Сўпиев Панжибой (исм-шарифлар ўзгартирилди) психотроп моддани тумандаги Боғинав маҳалласида яшовчи якка тартибдаги тадбиркор Жолғашов Турдидан олгани маълум бўлди. Тадбиркорнинг “Бободехқон” озиқ-овқат бозори” ҳудудидаги савдо дўкони кўздан кечирилганда 4 дона “Трамадол” психотроп моддаси борлиги аниқланиб, расмийлаштириб олинди.

– Таркибида гиёҳванд воситалари ва психотроп моддалари бўлган дори-дармонларнинг ноқонуний айланишига қарши ҳудудларда олиб борилаётган тадбирлар ўз самарасини бермоқда, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари, капитан Фарҳод Тошбоев. – Жумладан, Денов тумани Нуристон маҳалласида яшовчи 27 ёшдаги Собир Тўхлиев бошқарувидаги ВАЗ-21011 русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда унинг ёнидан 10 дона “Трамадол” гиёҳвандлик моддасига кирувчи таблеткалар борлиги аниқланиб, холислар иштирокида ҳужжатлаштирилди. Шунингдек, Термиз тумани Учқизил маҳалласидаги хусусий дорихоналардан бирида ўтказилган тадбирда дорихона сотувчиси Сайид Нуриев мижозга 10 дона “Зопиклон (SОNNАТ)” психотроп моддасини 30 минг сўмга сотаётганида ушланди. Дорихона кўздан кечирилганда 35 дона “Зопиклон (SОNNАТ)” психотроп моддаси борлиги аниқланиб, холислар иштирокида ҳужжатлаштирилди. Қумқўрғон туманидаги Янгишаҳар маҳалласи ҳудудидаги хусусий дорихона сотувчиси Ойсанам Тўраева ҳам мижозга 5 дона “Зопиклон (SОNNАТ)” психотроп моддасини 15 минг сўмга сотаётганида қўлга тушиб қолди. Шундан сўнг дорихонадан яна 11 дона “Зопиклон (SОNNАТ)” таблеткаси топилиб, расмийлаштирилди.

Мазкур ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Manba: uza.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!