Таиландда казино ва қимор ўйинлари қонунийлаштирилиши мумкин
Таиланд Вазирлар Маҳкамаси казино ва қимор ўйинларини қонунийлаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади, дея хабар бермоқда “Reuters” нашри.
Қонун лойиҳаси кўриб чиқиш учун парламентга, сўнгра қиролнинг имзоси учун юборилади. Агар қонун қабул қилинса, қимор ўйинларига фақат йирик кўнгилочар мажмуалардагина рухсат этилади.
Ҳужжат казино фаолиятига қўйиладиган талабларни, шу жумладан лицензиялаш шартлари, ёш чекловлари ва йиғимларни белгилайди.
Лицензиялар 30 йилгача амал қилади ва дастлабки тўлов 5 млрд Таиланд бати (таҳминан $143,9 млн) миқдорида талаб қилинади. Ҳар йиллик узайтириш эса 1 млрд батга ($28,7 млн) тўғри келади.
Шунингдек, Таиланд фуқаролари казинога кириш учун 5000 бат ($143) тўлашлари шарт бўлади. “Bangkok Post” хорижликларнинг казинога кириш учун тўлов қилиш-қилмасликлари ҳақида маълумот бермади.
Молия вазири ўринбосари Жулапан Аморнвиватнинг сўзларига кўра, легаллаштириш сайёҳлар оқимини 5−10%га оширади, шунингдек, 120 млрддан 220 млрдгача қўшимча даромад келтиради. Бундан ташқари, қиролликда 15 минггача иш ўрни яратилади.
Ҳозирда Таиландда казинолар ва қимор ўйинларининг аксарият турлари тақиқланган. Мамлакатда фақат давлат лотереясида иштирок этиш ва пойгада пул тикиш мумкин, дея аниқлик киритди “Reuters”.
"Citigroup Inc" баҳолашига кўра, агар казинолар олти йил ичида фаолият бошласа, Таиланд жаҳон қимор ўйинлари саноатида етакчи ўринни эгаллаши мумкин.
“Bloomberg” нашрининг таъкидлашича, мамлакатнинг ушбу сектордан келадиган ялпи даромади $9,1 млрдга етиши мумкин. Бу эса Таиландни Макао ва Лас-Вегасдан кейин бозордаги учинчи йирик ўйинчига айлантиради.