Соғлиқни сақлаш вазири Дима Қаюмнинг онасини кўргани Риштонга борди

Соғлиқни сақлаш вазири Дима Қаюмнинг онасини кўргани Риштонга борди

Ҳаёти ва фаолияти интернет, ижтимоий тармоқлар билан боғлиқ бўлганлар риштонлик Дима Қаюм (Дилшод Болтабоев)ни яхши танийди. Камсуқум печкачи тумандаги бозорда кутубхона очгандан буён одамлар тилига тушди.
 
У одамларга маърифат улашиш, китоб орқали илм нурини сочиш билан беминнат шуғулланиб келмоқда. Аввалроқ, пулни пулга уриб юрганлар унинг мўжазгина кутубхонасини бузишга киришгани интернетда катта шов-шувга айланганди. Кейин расмийларнинг эътибори ҳам Дима Қаюмга тушди.
 
Дима Қаюм хайрияларда бош-қош. Маҳалладаги муаммоларни ҳал этишда ёрдамини аямайди, мискинларга қўл узатишга шай. Лекин ўзи учун ҳеч қачон ёрдам сўрамаган. Аслида унинг муаммолари, ечимини топишни кутиб ётган масалалари ҳам талайгина.
 
Дилшоднинг онаси бетоб. У қизилўнгач саратони билан хасталанган. 5 йил аввал шифокорлар ўсмани олиб ташладилар, бироқ асоратлар буткул йўқ бўлиб кетмади. Дима Қаюм онасининг саломатлигидан доим хавотирда.


 
Бундан бир ой аввал отасидан ажраган печкачи куни кеча ижтимоий тармоқларда хаста онасининг тўшакда ётгани тасвирланган суратни жойлаштирди. Нураган, пана-пастқам уйда онаси пойида тиз чўкиб ўтирган Дима Қаюмнинг сурати ижтимоий тармоқда яшин тезлигида тарқалди. Ҳатто, ҳукумат аъзоларининг қўлигача етиб борди.
 
Фарғонанинг Риштонига Тошкентдан 350 км йўл босилади. Туман, шаҳар ва вилоят ҳокими Дилшод Болтабоевнинг хонадонига шу вақтга қадар бош суқмаган. Аслида унинг миллат маънавияти учун қўшаётган ҳиссасининг қиймати чексиз.  
 
Бугун, 11 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Дима Қаюмнинг онаси ҳолидан хабар олгани унинг уйига борди. Дима Қаюм вазирнинг онаси қаршисида тиз чўкиб ўтирган суратини жойлаштираркан, шундай ёзади:
 
“Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Қаюмович Шодмонов уйимизга шахсан ўзлари ташриф буюришиб, Онам учун қўлларида келган барча ёрдамни аямасликларини айтиб, отам ҳақларига дуо қилиб, онамнинг дуоларини олиб кетишди”.
 
Ушбу постни кўргач, биз зудлик билан Дима Қаюмга қўнғироқ қилдик.
 
“Ҳозиргина вазир Алишер Шодмоновни кузатдик. Биласиз, онамнинг тоблари йўқ. Алишер ака уйимизда бўлиб, улардан хабар олдилар, Тошкентга олиб боришимизни, барча даволаш ишларини ўзлари назорат қилишларини айтдилар. Насиб этса, дадамнинг ҳайитдаги маросимларини ўтказиб, йўлга чиқамиз”, дейди Дима Қаюм.
 
Дима Қаюмнинг онаси 64 ёшда. У кўп йиллар Риштондаги МТМда тарбиячи бўлиб ишлаган. Икки ўғил, бир қизни вояга етказган. 35 яшар Дима Қаюм эса уйнинг тўнғичи.
 
Шу ўринда Президентнинг вазирларга қарата “Одамларнинг рози қилинглар, пастга тушиб ишланглар”, деган гаплари ёдга тушади. Яна қайси вазирлар Алишер Шодмоновдек йўл тутаётганган экан?!

Qalampir.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!