Шимолий Кипрда яшовчи туркманлар Туркманистон раҳбарининг истеъфосини талаб қилмоқда
Шимолий Кипрда яшовчи туркманлар норозилик акциясини уюштирди. Улар Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов истеъфога чиқарилишини, мамлакатда муҳожирлар ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши, сўз эркинлиги, интернетда цензура олиб ташланиши ва ҳоказоларни талаб қилмоқда.
«Хроника Туркменистана» нашри мухбирларининг ёзишича, норозилик акцияларида 50 нафардан ортиқ туркман миллатига мансуб фуқаролар иштирок этган. Бундан ташқари, уларга маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам келиб қўшилган.
— Туркманистонда очлик кучайгандан кучаймоқда, — деди норозилик акция иштирокчиларидан бири. — Туркманистон халқи кундан-кунга қашшоқлашиб бормоқда. Ҳукумат раҳбарлари эса буларнинг барчасига кўз юммоқда, ҳар қандай кўринишдаги норозиликларни куч билан бостиришга уринмоқда...