Шавкат Мирзиёев Хитойдаги ташрифини якунлаб, Тошкентга жўнаб кетди
Пекин сафарида икки томонлама ҳужжатлар имзоланди, ШҲТ саммитида муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига амалга оширган расмий ташрифи ўз ниҳоясига етди.
Давлатимиз раҳбари ташриф давомида кенг қамровли учрашувлар, саммитлар ва музокараларда иштирок этди.
31 август куни Президент Шавкат Мирзиёев турмуш ўртоғи билан бирга Тяньцзин шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг норасмий тадбирларида қатнашди.
1 сентябр куни эса ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши ҳамда “ШҲТ+” форматидаги учрашувда сўзга чиқиб, кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ташкилот фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган муҳим ташаббусларни илгари сурди.
2 сентябр куни Пекин шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Сзиньпин ўртасида расмий делегациялар иштирокида музокаралар бўлиб ўтди. Учрашув якунида амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.
Давлатимиз раҳбари, шунингдек, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан учрашиб, икки томонлама алоқаларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди. Шу билан бирга, Хитой Бош вазири Ли Цян, хорижий делегациялар раҳбарлари ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари билан самарали мулоқотлар ўтказилди.
3 сентябр куни Ўзбекистон Президенти Пекин шаҳрида Иккинчи жаҳон уруши якунланганининг 80 йиллигига бағишланган тантанали ҳарбий парадда иштирок этди.
Расмий ташриф якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентга қайтиб кетди. Олий мартабали меҳмонни Хитой томони тантанали равишда кузатиб қўйди.
