Шаҳзода Филиппнинг сўнгги кунлари қандай ўтди?

Шаҳзода Филиппнинг сўнгги кунлари қандай ўтди?

Филипп умрининг сўнгги кунларида кўп ўқиган, яқинларига қўнғироқ қилган ва ҳамма нарсани ўзи қилишга ҳаракат қилган.

Буюк Британия ОАВ қиролича Елизавета II турмуш ўртоғи, шаҳзода Филиппнинг ҳаётини сўнгги кунлари қандай ўтгани ҳақида маълумотлар чоп этди.

9 апрель, жума куни тунда унинг аҳволи ёмонлаша бошлади. "Telegraph" нинг ёзишича, у тўрт ҳафтанинг кўп қисмини касалхонада ўтказган ва уйга қайтишга кўп уринган.

Шифокорлар унинг юрагини операция қилишди. Бу билан эҳтимол яқинлашиб келаётган 100 йиллигини нишонлаш учун унга бироз вақт беришга ҳаракат қилишди. 

«Аммо бу уни ташвишга солган нарса эмас. У фақат ўз уйига қайтмоқчи эди. У ҳеч қачон касалхонада ўлишни хоҳламаган», деб ёзади нашр.

"Evening Standard" нашрининг ўз манбаларига таяниб ёзишича, Филипп соғлиғи ёмонлашганига қарамай, имкон қадар мустақил бўлишга ҳаракат қилган ва мустақил кийинишда давом этган. Бундан ташқари, ҳаётининг сўнгги кунларида шаҳзоданинг иштаҳаси ёмонлашган. Аммо айрим ҳолларда мадори бўлганида хотини билан овқатланган.

9 апрелда шаҳзода Филипп юз ёшга тўлишидан икки ой олдин 99 ёшида вафот этди. Коронавирус пандемияси туфайли шаҳзоданинг дафн маросими оммавий тадбирсиз ўтказилиши мумкин. 

"The Guardian" нашрининг ёзишича, дафн маросимлари Виндзор қалъаси ҳудудида ўтказилиши мумкин.

Шаҳзода Филипп Моунтбаттен 1921 йилда туғилган ва 1947 йилда Елизавета II билан турмуш қурган. 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!