Самарқанд давлат чет тиллар институти тютори 2 минг доллар пора билан ушланди

Самарқанд давлат чет тиллар институти тютори 2 минг доллар пора билан ушланди

Самарқанд давлат чет тиллар институти тютори фуқарога сохта ҳужжат тайёрлаб, уни ўқишга киритиб қўйиши учун 2 минг доллар пора олган вақтда ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХнинг Самарқанд вилояти бошқармалари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда Самарқанд давлат чет тиллар институтида тютори Ш.Т. пора билан ушланган.

У фуқаро Ф.ни 3500 доллар эвазига Қозоғистондаги ОТМнинг 1-курсини тугатгани тўғрисида ҳужжат тайёрлаб беришини, шу орқали ўзи ишлаётган институтининг 2-курсига ўқишга киритиб қўйишини ваъда қилган. Бунинг эвазига институт ходими 2000 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби департамент ҳамда ДХХнинг Сирдарё вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро О.У. бошқа бир фуқаро А.ни юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида Гулистон давлат университетига ўқишга киритиб қўйишини айтган. У бунинг эвазига 5000 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!