Қозоғистонда мактаб ўқувчилари орасида коронавирусга чалиниш кескин ошди

Қозоғистонда мактаб ўқувчилари орасида коронавирусга чалиниш кескин ошди

Қозоғистонда мактаб ўқувчилари орасида коронавирусга чалиниш даражаси март ойида 5 фоизга ошган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитар-эпидемиологик назорат қўмитаси раиси Айжан Есмагамбетова маълум қилди, деб ёзади Tengrinews.

Унинг сўзларига кўра, 1 январдан буён 18 ёшгача бўлган жами 12 862 нафар бола COVID-19 билан касалланган.

«Март ойида биз касалланишнинг 5 фоизга ошганини кўряпмиз. Касалланишнинг ўсиши мактаб ўқувчилари орасида кузатилмоқда. Умуман олганда, бу кутилаётган эди, чунки 1 мартдан 1—4, 9—11 ва бошқа синфларга ҳам ўқиш учун рухсат бердик», — деди у, шу билан бирга, мактабларда санитар-эпидемиологик талабларга риоя қилиниши устидан назорат олиб борилаётганини қўшимча қилар экан.

Есмагамбетованинг сўзларига кўра, болалар орасида касалланиш даражасининг ошиши «хорижий» штаммларнинг ёшлар учун каттароқ хавф туғдириши билан боғлиқдир.

«Шунга эътиборингизни қаратмоқчиманки, тадқиқотлар натижаларига кўра, ‘британча’ штамм, афсуски, ёшларга нисбатан тажовузкорроқ. Яъни ёшлар оддий коронавирусга нисбатан, бунга чалинишга кўпроқ мойилдир», — дея қўшимча қилди у.

30 март ҳолатига, Қозоғистонда бир кеча-кундузда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 1663 та янги ҳолат қайд этилди. Бундан аввалги кун 1445 та ҳолат аниқланган эди. Энг кўп касалланганлар Олмаота (526 киши), Нур-Султон (356) ва Алмати вилояти (191)да қайд этилди. Мамлакатда COVID-19’ни юқтирганларнинг жами сони 244 981 кишига етди.

Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари ортгани сабабли 30 мартдан янги карантин чекловлари амал қилишни бошлади. Бошқа чора-тадбирлар билан бир қаторда, пойтахтдаги мактаб битирувчиларидан ташқари бошқа ўқувчилар ва олий ўқув юртлари талабалари масофавий таълимга ўтказилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!