Қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш нега такроран содир этилмоқда?

Қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш нега такроран содир этилмоқда?

Баъзида ижтимоий тармоқларда ер ости бойликларини ноқонуний қазиб олган фуқаролар ҳақида ўқиб қоламиз. Ҳатто бу жараёнда тан жароҳати олиниши ёки ўлим ҳолатлари содир бўлишидан хабаримиз бор.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ҳудудларда қимматбаҳо бойликларни қазиб олиш билан боғлиқ криминоген вазият ёмонлашган. Айниқса, Навоий ва Самарқанд вилоятларида ноқонуний олтин қазиб олишда шикастланганлар ва ҳатто ўлим ҳолатлари рўй берган. Қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш билан боғлиқ 2021 йилда 806 та ҳолат, 2022 йилда 1 минг 233 та ҳолат, 2023 йилда 723 та ҳолат аниқланган. Маъмурий жазолар қўлланилишига қарамай, бу ҳолатлар такрор содир этилмоқда.

Қимматбаҳо металл ва тошларни ноқонуний қазиб олганлик учун жавобгарликни кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилган, ер ва ер ости бойликларини асраб қолиш ва муҳофаза қилишга қаратилган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

— Ер ва ер ости бойликларини муҳофаза қилишда бир қатор муаммолар мавжуд, — дейди ички ишлар вазири ўринбосари Б.Абдуллаев. — Биринчидан, ер ости бойликларини ноқонуний қазиб олганлик учун фақатгина маъмурий жавобгарлик белгилангани ҳамда жазо тури таъсирчан эмаслиги бу каби ҳуқуқбузарликларнинг такроран содир этилишига олиб келмоқда. Ҳатто 7-10 марталаб жазо қўллангандан кейин ҳам яна такрорлаган фуқаролар бор. Шу боис қонун лойиҳаси билан мамлакатимизда ер ости бойликларини асраб қолиш ва муҳофаза қилиш, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларнинг ноқонуний қазиб олинишига чек қўйиш мақсадида мазкур тоифадаги қилмишлар учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан, фойдали қазилмаларни маъмурий жазо қўлланилгандан сўнг такроран ноқонуний қазиб олиш ҳамда фойдали қазилмаларни олтин изловчилар усулида рухсатномасиз қазиб олиш ҳаракатлари учун жиноий жавобгарлик белгиланиб, Жиноят кодекси янги 196/1 ва 196/2-моддалари билан тўлдирилмоқда.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир қатор моддаларига ҳам ўзгартиришлар киритилмоқда. Унга кўра, фуқаролар томонидан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳамда бу ерларда қурилиш ишларини амалга ошириш, ер бериш тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан маъмурий баённомани расмийлаштириш ваколатини ички ишлар органларига бериш таклиф этилмоқда.

Депутатлар қонун лойиҳасининг долзарблигини эътироф этиб, уни концептуал жиҳатдан қабул қилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!