Олти йилда 20 маротаба судланган бекободлик аёл қамоққа олинди

Олти йилда 20 маротаба судланган бекободлик аёл қамоққа олинди

Суднинг қора курсиси га ўтириш осон иш эмас. Ахир айб билан қора курси да бир марта ўтиришнинг ўзи ўзини билган одамга бир умрлик тамға. Аммо айрим кишилар учун бу оддий ҳол эканлиги жуда ачинарли.

Яқинда Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида бир аёл йигирманчи марта судланди.

1981 йил Тошкент вилоятида туғилган бу аёл М. (унинг шаъни, аслида ўзи йўққа чиқарган шаънини ўйлаб, исмини ўзгартириб ёзмоқчи эдим, аммо, афсус, ҳар қандай исм унга ҳайфдай туюлаверди), илк марта 2013 йилда жиноятга қўл урган.

Олий маълумотли, икки фарзанднинг онаси бўлган М.нинг жиноят тарихига назар солсангиз, унинг фирибгарликни касб қилиб олгани маълум бўлади.

Фирибгарлик қилгани учун Жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар судида илк бор судланган М.га бир йил ахлоқ тузатиш жазоси тайинланган. Амнистия актига асосан у жазодан озод этилган.

Аммо у бағрикенгликдан тўғри хулоса чиқариб, ҳаётини изга солиш ўрнига жиноят тарихини йилдан-йилга бойитиб борди. Одамларни алдаб, мулкига эга чиқишда устаси фарангга айланди. Айниқса, буюм бозорларида улгуржи савдо қилувчилар унинг нишонига айланди. Бугун бу бозорда, эртага бошқасига кириб, сотиб, пулини олиб келаман , деган ёлғон ваъдалар билан тадбиркорларнинг товарларини ўзлаштиришда давом этаверди.

2014 йилда икки марта, 2015 йилда яна икки марта судланган М.нинг жиноят тарихида 2016 йил жуда шонли кечди. Чунки бу йилда у нақ олти марта суднинг қора курсиси да ўтиришга муваффақ бўлди!

Ҳар сафар жарима миқдори, озодликни чеклаш муддати ошиб боргани билан бу М.га заррача таъсир қилмагани унинг 2017, 2018 йилларда ҳам қайта-қайта судлангани кўрсатиб турибди.

М. 2018 йилда ҳам 2016 йилдаги рекорди ни такрорламоқчи ёки янгиламоқчи эди. Бироқ Жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар суди унга 52 миллион сўм жарима ва озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлагач, у имконсиз қолди. Унинг панжара ортидан чиқа олмагани навбатдаги фирибгарликларга ниҳоят тўсиқ қўйди.

Суд ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этилиб, жазо ўтаётган М.нинг устидан, таассуфки, яна ариза тушди. Чунки у қамалишидан сал олдин Чилонзор туманидаги Тошкент савдо маркази да савдо қилувчи икки тадбиркорни чув тушириб кетганди. Бирининг ўнта аёллар жемферини, иккинчисининг 7 ўрам газламасини сотиб, кейин пулини бериш учун олиб кетганди.

Аёлдан узоқ вақт дарак бўлмагач, улар ҳам судга мурожаат қилди.

Жиноятга қўл уравериб, бу аёл хавфли рецидивистга айланиб кетган, дейди Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди судьяси Сарвар Орипов. Шундай бўлса-да у қасддан фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритишда ифодаланган жиноий ҳаракатларни содир этган. Унинг жиноятни ғаразли ниятларда содир этгани жазони оғирлаштирувчи ҳолат, деб баҳоланди. Бироқ унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, содир қилган жиноятидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, қарамоғида икки нафар фарзанди борлиги, жабрланувчи ва фуқаровий даъвогарлардан бири даъвосидан воз кечгани ва уни жазоламасликни сўраб мурожаат қилгани жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар, деб топилди.

Суд ҳукмига кўра, М. бир йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, аввал ҳам унга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлангани ҳисобга олиниб, озодликдан маҳрум қилиш жазоларини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 5 йил 3 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Бундай аёлларни кўрганда, эссиз она, деган ном, деб ўйлаб қолади киши. Фирибгарлик билан эмас, ҳалол йўл билан гулдай икки фарзандини катта қилганида бу аёлга дунёнинг хайрли эшиклари очилмасмиди? Болалар катта бўлиб, дунёнинг барокотини бошидан сочмасмиди? Афсуски, ҳаромдан, бировнинг ҳақида ҳазар қилмаган одамни эртага нима кутиши мумкин?

Зеро, аждодларимиз меҳнат қилган хор бўлмас, меҳнатдан келса бойлик, ҳаёт бўлар чиройлик, каби нақлларни бежиз айтмаган. Асрлар синовидан ўтган бу каби ўгитларга амал қилганлар ҳеч қачон кам бўлмайди.

Норгул Абдураимова, ЎзА


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!