Навоийлик фуқаро ўз опасининг қотилига айланди

Навоийлик фуқаро ўз опасининг қотилига айланди

Кармана туманида яшовчи Уйғун (исм-шарифлар ўзгартирилди) байрамни уйида қариндошлари билан бирга нишонлашга қарор қилди. Ўша куни эрталаб соат тўққизларда икки опасига қўнғироқ қилиб, аввал байрам билан табриклади. Сўнгра мақсадга ўтиб, поччалар билан бирга уйига меҳмондорчиликка чақирди.

Тушда Уйғун тўнғич поччаси Икром билан ичкиликбозликни бошлаб юборади. Кечки пайт уларнинг даврасига кичик поччаси Давлат Отажонов ҳам келиб қўшилди. Бир оздан сўнг Икром уйига кетди.

Уйғун билан Давлат эса, ичкиликбозликни давом эттиради. Бироқ ўзаро гап талашиб қолишади ва Уйғун поччасини ҳақоратлайди. Давлат ҳам бунга жавобан ҳар хил ноўрин сўз­лар айтади. Жаҳл отига мин­ган Уйғун Давлатнинг кийи­мини йиртиб ташлайди. Шунда Ҳакима ўртага тушади ва эрини ташқарига чиқариб юборади. Бундан ғазабланган Уйғун  опасининг чап томон елка ўмров соҳасига қўлидаги ўткир ошхона пичоғини санчиб олади. Оғир тан жароҳати олган Ҳа­кима «Тез тиббий ёрдам» автомашинасида зудлик билан шифохонага олиб борилади. Афсуски, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан Ҳа­киманинг ҳаётини сақлаб қо­лишнинг иложи бўл­мади.

Суд мажлисида сўроқ қи­линган судланувчи Уйғун Шокиров айбига иқ­рорлик билдирмади. Унинг иддаосича, тарвуз сўяётганда пичоқ тў­сатдан опасининг танасига кириб кетган эмиш…

Суд судланувчи У. Шокировнинг опасини қасддан пичоқламагани, бу ҳолат қандай содир бўлганини билмай қолгани, опасига тан жароҳати етказиш мақсади бўлмагани ҳа­қидаги кўр­сатмаларини чуқур муҳокама қилди. Жиноят иши юзасидан гувоҳ сифатида сў­роқ қилинган жабрланувчининг қонуний вакили Д. Отажонов ва бош­қа гувоҳларнинг кўрсатмалари, шунингдек, Х. Сулаймонова номидаги суд-тиббий экс­пертиза илмий-амалий маркази Навоий филиали Кар­мана туман бў­линма­сининг 2020 йил 10 сентябрдаги 51-сонли хулосасига асосланиб, судланувчининг кўрсатмаларини жавобгарликдан қутулиб қолиш мақсадида ўйлаб топилган важлар деб топди.

Суд мажлисида қў­шимча гу­воҳ сифатида сўроқ қилинган судланувчи У. Шокиров истиқомат қиладиган маҳалла фуқаролар йиғини раиси С. Тожиқуловнинг кўрсатмаси ҳа­қи­қатни бирмунча ойдинлаштирди.

— Уйғун илгари ҳам спиртли ичимлик истеъмол қилиб, тез-тез жанжал чиқариб турар эди, — деди у. — Опаси Ҳаки­ма­ билан ўрталарида келишмовчилик бўл­ганини эшитмаганман. Лекин поччаси Давлат Отажонов билан чиқишолмаслигидан хабардор эдим.

Суд судланувчи У. Шокировни Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди ва унга саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум қи­лиш жазосини тайинлади.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Уйғун жазо муддатини ўтаб, уйига қайтгани билан бир умрлик виждон азобидан қутула оладими? Яқин қа­рин­дошлари, жиянлари қалбидаги тузатиб бўлмас жароҳатга малҳам тополадими?

Яшаш бахти ҳар бир инсонга Яратган томонидан берилган инъом. Ана шу инъом этилган умрни мазмунли ўтказиш, ях­ши ном қолдириш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Яшаш бахти эса, ота-она, ака-ука, опа-сингил, оила ва фарзандлар меҳрини ҳис этиб, аҳил-иноқ умргузаронлик қилиш билан мазмунли. Бундай ибратга ло­йиқ оилалар минг-минглаб топилади, улар жамиятимиз кўр­ки.­

Мухтасар қилиб айтганда, спиртли ичимлик ичиш ва ўй­ламай қилинган хатти-ҳаракат мудҳиш фожиани келтириб чиқарди. Унинг аянчли оқибати нафақат Уйғунни, балки унинг оила аъзоларини ҳам узоқ вақт мобайнида азоблаши тайин. Шундай экан, жи­ноят­га етакловчи ва унга доялик қилувчи иллатдан йироқ бўлган маъқул.

Алишер САЙДУЛЛАЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Кармана тумани суди судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!