«Мончи формуласи»: Мукаммал трансфер сабоқлари

«Мончи формуласи»: Мукаммал трансфер сабоқлари

Рамон Мончи - жаҳон футболидаги энг машҳур спорт директорларидан бири. Бу соҳада ўзини кўрсата олган ўнлаб номлар бор, лекин айнан Мончининг «Рома»га ўтиши худди футбол юлдузининг трансферидек овоза бўлганди. Яқинда эса, «Манчестер Юнайтед» ўзига спорт директори ахтараётгани ҳақидаги хабарлар кетидан, асосий номзод сифатида айнан Рамон Мончининг исми янгради. Ишонасизми, бу хабарни дунёнинг энг машҳур клуби фронтида кўпчилик, худди Месси ёки Неймар трансфери сингари, олиб келиш имконсиз бўлгандек қабул қилдилар. Мончи - суперюлдуз.

«Севилья»даги 16 йил давомида Мончи ўзига хос империя яратди, деярли нолдан скаутлар бўлимини ишга туширди, истеъдодларни топиб, уларни икки юз миллион евродан ортиқ фарқ билан сотишга ҳам муваффақ бўлди. «Севилья«»даги даврда у 105 миллионга футболчи сотиб олган бўлса, жами 340 миллион еврога футболчиларни сотиб даромад қилди.

Мончининг энг қиммат топилмалари орасида Дани Алвеш («Барселона»га 35 миллион еврога), Карлос Бакка («Милан»га 30 миллион еврога), Хосе Антони Рейес («Арсенал»га 30 миллион еврога), Гжегож Криховяк («ПСЖ»га 28 миллион еврога) ва Серхио Рамос («Реал»га 30 миллион еврога) ва бошқаларни тилга олиш мумкин. Кўрсатилган нархлар бугунги бозор учун анча содда кўриниши мумкин, лекин масалан Рейес трансфери бундан 15 йиллар олдин содир бўлиб, ўша даврда «Арсенал»нинг рекорд трансфери бўлганди. Дани Алвеш учун «Барселона» тўлаган 35 миллион евро ҳам 10 йил олдин ҳимоячи учун жуда катта нарх бўлган эди.

Молиявий даромадлар билан бир қаторда Мончи даврида «Севилья» футбол майдонида ҳам муваффақият қозонди - сўнгги 31 йилда ҳеч нарса ютмаган клуб, Мончи даврида 9та совринни қўлга киритди. Ҳаммаси «Мончи методи» туфайли. 

Футболчи ҳақида имкон қадар кўпроқ маълумот йиғади

«Севилья»да Мончининг бўлими 16 кишидан иборат эди. Дастлабки 5 ойда улар максимал даражада футбол томоша қилишар ва маълумот йиғишарди. Асосий эътибор Франция чемпионатига қаратилганди. «Лига 1 - қониқарли нарх ва юқори сифатнинг уйғунлиги», - деб ишонади Мончи. Жуда кўп истеъдодларни айнан Франциядан топишди: Кануте, Криховяк, Кондогбиа, Кейта..

Ҳар ой якунлари бўйича скаутлар ҳар бир позиция бўйича 11 нафар энг яхши футболчилардан иборат рамзий терма жамоа тузади. Декабрдан бошлаб, улар мана шу рамзий таркибга кўпроқ кирган футболчиларни янада дақиқроқ кузата бошлайдилар. Ҳар бир футболчининг ўйин услуби, шахсий фазилатлари ўрганилади, сафарда қандай ўйнайди, уйда қандай ўзини кўрсатади, халқаро ўйинларда ўзини қандай тутади, мағлубиятларга нисбатан муносабати қандай бўлади ва ҳоказо. Якуний руйхатдаги ҳар бир футболчини стадиондан туриб камида 10 ўйинда томоша қилишади.

Натижада, «Севилья»да юзлаб футболчилар ҳақида тўлиқ маълумотлар мавжуд бўлади. 2016 йилда The Guardian нашри Мончи ҳақида материал қилганида, у журналистга скаутлар бўлими кузатаётган футболчилар жадвалини кўрсатган - у ерда 250 футболчининг исми бор эди. 

Бундай кенг танлов энг тор критериялар бўйича ҳам керак бўлганда футболчини топиш имкониятини яратади. «Масалан, менга ҳар икки оёқда ўйнай оладиган, бир ўйинда ўртача 11 км, 800 метрга эса юқори тезликда югура оладиган чап қанот ҳимоячиси керак. Бундай талабга руйхатимдаги 10 футболчи жавоб беради», - дейди Мончи. 

Катта-катта жадвалларда «адашиб» қолмаслик учун скаутлар қизиқиш даражасига қараб футболчиларни А дан Е гача белгилаб чиқадилар. Ҳар бирининг маъноси бор, масалан, А - мукаммал вариант, В - яна бир кузатиш керак ва ҳоказо. Балки, шунинг учун ҳам Мончи айнан «Рома»ни танлагандир, чунки у ерда ҳам жуда кўп маълумотларни йиғишга ва таҳлил қилишга қизиқишади. «Рома»да анализ бўлимини 2017 йил ёзгача кимсан Лука Борн бошқарганди. Борн кейинчалик НБАга борди ва «Сакраменто Кингз»нинг стратегия ва анализ бўйича вице-президенти бўлиб, параллел равишда Симо Фрейзер Университетидаги статистика кафедраси доцентига айланди.

Шахсан гаплашмагунча футболчини сотиб олмайди

Статистика ва маълумот йиғишга бўлган меҳрдан қатъи назар, Мончи учун энг муҳими - юзма-юз гаплашиш. «Севилья» бирор футболчи билан жиддий қизиқиб қолса, Мончи бу футболчининг ўйинига келар ва унинг ўзи билан гаплашиб кўрарди. 2015/16 йилги мавсумнинг ўзида у 20 маротаба Францияга борди. Шунчаки, потенциал номзодлар билан суҳбатлашиб кўриш учун.

«Мен футболчининг чин дилдан бизда ўйнашни истаётганига амин бўлишим керак. Хато қилмасликнинг энг муҳим шарти ўзаро мулоқотдир», - деб ўз тажрибаси билан ўртоқлашади Рамон Мончи.

У футболчининг жамоадошлари, клубдаги персонал, оила аъзолари билан ҳам гаплашиб кўради ва ҳато баъзида футболчининг уйида меҳмон бўлиши мумкин. 2013 йилда у Кевин Гамейронинг уйига меҳмонга борганди, масалан. Мулоқот фойдали кечди, бир неча ой ўтиб Гамейро «ПСЖ»дан «Севилья»га кўчиб ўтди. Агар шахсан учрашишнинг имкони бўлмаса, камида телефонда суҳбатлашилади.

Мулоқотнинг сўнгги босқичи Мончининг кабинетида бўлиб ўтади ва у ерда асосан маиший масалалар ҳақида камида ўнта савол берилади. Футболчи учун бу оддий бир эътиборсиз суҳбатдек ўтиши мумкин, лекин Мончи учун жуда муҳим, ҳар бир детал эътибордан четда қолмайди. Масалан, у ошхонада тортиладиган у ёки бу таом ёки гўшт ҳақида савол беради ва футболчининг фикри сўралади. Агар футболчи аксарият саволларга «ёқмайди» деб жавоб берса, бу ҳам ўзига хос сигнал - футболчи бироз инжиқ, у билан ишлаш осон бўлмаслиги мумкин. 

Одатда, Мончи футболчилар билан таржимонсиз гаплашади. Испанчадан ташқари, у француз тилини мукаммал билади, инглиз тилида ҳам гаплаша олади. 2014 йилда у ярим йил Лондонда яшаб, инглизчасини яхшилаш ва Англиядаги скаутларнинг иши билан яқиндан танишиш билан шуғулланганди. Инглиз клублари билан муносабатларни янги босқичга чиқариш учун тилни билиш жуда муҳим деб ҳисоблаганди. Натижада, аксарият футболчиларини айнан инглиз клубларига сотишга муваффақ бўлди.

Футболчини қизиқтира олади

«Севилья» ўзига яраша донор-клуб ҳисобланади, асосан иқтидорли футболчиларни қидириб топиш, кучайтириб, қимматроққа сотиш билан шуғулланади. Бундай моделда унга икки хил рақобатчи бўлиши мумкин - бошқа донор-клублар ва топ-клублар. Мончи доим улар билан қандай рақобатлашишни яхши билган.

Агар футболчи бошқа бир донор-клуб томонидан ҳам қизиқтирилаётган бўлса, Мончи унга Севильядаги ҳаёт даражасининг юқори экани ва бу ерда совринлар учун ҳам курашиш имконияти борлиги билан мақтанади. Асослар етарли, «Монако» ёки Португалия, Голландия клубларидан фарқли равишда, «Севилья» 21-асрнинг ўзида 6 марта еврокубокларни ютди. Мончи футболчини сотишлар эмас, ютуқлар кўпроқ қизиқтиришини яхши билади. Муваффақиятлар бўлмаса, жалб қилиш имконсиз.

Ва албатта, маош масаласи. Мончи бошқа донор-клубларга нисбатан кўпроқ маош тўлашга рози бўлади. 

Клуб президенти ва мураббий билан жуда яхши муносабатни ушлайди

Трансфер ойнаси очилиши олдидан Рамон «Севилья» бош мураббийи билан учрашади ва қайси позицияларни кучайтириш лозимлиги ҳақида фикрлашади. Одатда улар позиция ва характеристка ҳақида гаплашадилар, номлар тўлиғича спорт директори ихтиёрида қолади. Баъзида истиснолар ҳам бўлиб туради, масалан, 2015 йилда Мончи Фернандо Льорентени айнан Унаи Эмерининг илтимосига биноан сотиб олганди. Мончи руйхатдаги футболчиларни ҳавола қилган, улар ичидан Эмери танлаганди. Яъни, сўнгги сўз бош мураббийда қолган эди.

Музокаралар олдидан Мончи клуб президенти билан маслаҳат қилади. 2003-2013 йилларда «Севилья»да бу лавозимда Хосе дель Нидо бўлганди. Улар футболчининг қанчалик зарурлиги ва у учун неч пул тўлаш мумкинлиги ҳақида фикрлашадилар. Мунозаралар кўп чўзилмасди, чунки Дель Нидо ўз спорт директорига тўлиқ ишонарди.

«Хосе мен билан доим маслаҳатлашади ва менга қулоқ солади. У ҳеч қачон мени бирор футболчини олишга мажбур қилмаган ёки мендан хабарсиз бирор футболчини сотиб олишга уринмаган. Эркинлик ва тўлиқ ишонч мен учун муҳим, шунинг учун Севильядаги илк кунимдан бошлаб мен завқ билан ишлаганман», - дейди Мончи.

Айнан шунинг учун ҳам Мончи Севильяда жуда кўп қолиб кетди, зеро уни бир неча марталаб «Реал» ҳам, «Барселона» ҳам чақирганди.

Муваффақиятсизликлар

Баъзида жиддий синовлардан кейин ҳам хатолар бўлиши мумкин, бу табиий.

«Бир ой «Севилья»даги ҳаётдан кейин Коноплянка ўзини балкондан ташламоқчи бўлган. Ёки Аруна Коне - у бизнинг энг қиммат трансферимиз бўлганди, лекин 41 ўйинда атиги 2 гол урди. Кучсизроқ бўлган «Леванте»га ўтиб эса, 17та гол муаллифига айланди. Мен трансферлардан олдин футболчини яқиндан билишни истайман, аммо баъзида кутилмаган ҳолатлар бўлиб туради».

Мончи услуби йиллар давомида тажрибадан ўтган, лекин баъзида омадсизликлар ҳам бўлиб туради. Энг янги ва ёрқин мисол - Малком. Уни сўнгги дақиқаларда «Барселона» илиб кетиб қолди.

Мончининг яна бир мағлубияти - Робин ван Перси. 2004 йилда «Севилья» голландиялик ҳужумчи билан деярли келишувга эришган ва «Фейенорд» билан барчасини ҳал қилиш учун бир қадам қолганди. Аммо сўнгги паллада «Арсенал» аралашди ва ҳужумчи Лондонни танлади. Шундан кейин Ван Персининг ҳар муваффақияти Мончига «қаттиқ ботган» ва бу ҳақида у доим ҳазиллашиб гапиришни яхши кўради. 

Баъзида Мончининг ўзи ҳам хатога йўл қўйган. 2009 йилда у ўша пайтларда «Сарагоса»да ўйнаб юрган Габини кузатган. Аммо тўлиқ маълумотлар йиғилиб, суҳбат ўтказилгач, Рамон Габининг «Севилья» ўйинига мос эмаслигини айтиб, ажойиб ярим ҳимоячидан воз кечганди. Бир неча йил ўтиб, Габи «Атлетико»га ўтди ва у ерда Ла Лигани ютди, Чемпионлар Лигаси финалида ўйнади, жамоа сардорига айланди. Мончи ҳалигача айнан Габи унинг энг катта хатоси бўлганини тан олади.

Manba: kun.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!