Лавров: Москва Украина бўйича музокараларга тайёр
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва Украинадаги можарони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш тарафдори бўлиб қолаётганини, бироқ ўз олдига қўйган мақсадларига ҳар қандай шароитда эришиш ниятида эканини билдирди.
Лавров бу ҳақда Қирғизистонда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши доирасидаги чиқишида маълум қилди.
«Биз бир неча бор сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этишни афзал кўришимизни айтганмиз. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам мақсадларимизга эришамиз», — деди Россия ташқи ишлар вазири.
АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг Анкориж саммитида эришилган келишувлар амалга ошмагани ҳақидаги баёнотига муносабат билдирган Лавров, музокараларда тараққиёт бўлмагани учун ким масъул эканини аниқлаш зарурлигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Москва келишувлар доирасидаги ўз мажбуриятларини бажарган ва АҚШ таклиф этган муроса жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ҳамда музокараларни бошлаш учун асос бўлиши мумкин эди.
Лавров, шунингдек, Вашингтоннинг Украина бўйича позицияси ўзгарганини, Киевнинг АҚШ таклифларини рад этиши эса Ғарб давлатларининг Украинага ҳарбий ёрдами давом этаётгани билан боғлиқлигини билдирди.
