Китоб тумани ҳокими аҳолига: "Ҳокимият биносида ҳам электр йўқ"

Китоб тумани ҳокими аҳолига: "Ҳокимият биносида ҳам электр йўқ"

Китоб тумани ҳокими Алишер Зокиров аҳолининг электр борасидаги мурожаатларига жавоб қайтарди.

"Ассалому алайкум!
Қадрли тумандошлар!
Мана бир неча кундан буён туманимизда электр таъминоти масаласида узилишлар бўляпти.Айни кунларда об-ҳавонинг қаттиқ совуб бораётганлиги электр энергиясига бўлган талабни янада ошиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Табиийки,бундай пайтда эътирозлар ва мурожаатлар кўпаяди.
Таъминотдаги узилишлар сабаблари айтилганда ҳаммаси худди баҳонадек таассурот қолдириши тайин.

Азиз тумандошлар! 
Мавжуд вазият масалага очиқ кўз билан қарашни тақозо этади.
Яъни, бу туман ҳокимлиги даражасида ҳал бўладиган муаммо эмас.
Бу муаммони бартараф этиш юзасидан туман ҳокимлиги номидан юқори турувчи Республика ташкилотларига,хусусан,Энергетика вазирлиги,таъминотчи соҳа раҳбариятига бир неча бор  расман алоқага чиқиб,аҳволни яхшилаш тўғрисида талаблар қўймоқдамиз.
Ҳозиргина Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати электр узилишлари юзасидан баёнот берди. 

Марказий Осиё ва Қозоғистонни боғловчи ягона энергетик тизимининг электр узатиш тармоқларида режадан ташқари содир бўлган узилишлар сабали аварияга қарши автоматика ишлаган.

Энергетик қурилмаларга шикаст етмаслик учун ускунанинг технологик ҳимояси автоматик равишда ишлаган ва айрим  электр станциялардаги энергоблоклар ўчирилган.

Хусусан:
Тўрақўрғон ИЭСда қуввати 750 МВт дан 500 МВт гача,
Тахиатош ИЭСда 280 МВт дан 150 МВт гача,
Навоий ИЭСда 450 МВт дан 230 МВт гача,
Тошкент ИЭСда 370 МВт дан 180 МВт гача қувват камайган,
Шунингдек, Талимаржон ИЭСнинг умумий қуввати 900 МВт бўлган иккита БГҚлари ҳам ўчирилган.

 Бунинг натижасида республикамизнинг бир қанча туманларида автоматик равишда чекловлар киритилди.

Айни пайтда Талимаржон ИЭСда қурилмаларни ишга тушириш жараёни амалга оширилмоқда, қолган электр станцияларда иш режими қайта тикланган.
Мазкур ўчиш ҳолатнинг сабаблари ўрганилмоқда.

“Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг берган маълумотига кўра, Таллимаржон иссиқлик электр станциясидаги ҳар бирининг қуввати 900 МВт бўлган иккита энергоблокни тўхтаганлиги сабабли вилоятимизнинг айрим ҳудудлари қисман,
Қамаши, Яккабоғ, Шаҳрисабз тумани, Шаҳрисабз шаҳри, Китоб туманлари эса электр таъминотидан  тўлиқ узилмоқда.

Туман  ҳокими сифатида шахсан мен ҳам шу туманда яшайман. Мавжуд ҳолат туфайли ҳокимият биносида ҳам электр таъминоти йўқ.

Қадрли, тумандошлар! Оталар, оналар, опа-сингиллар, ака-укалар! 
Туманда чироқ бўлмаслигидан  туман раҳбарияти учун ҳеч қандай манфаат йўқ. Балки, бир муаммоимиз, иккита ва ундан кўпга ортади.
Биз аҳвол ўнгланиши бўйича ҳаракатимизни бир зум ҳам тўхтатмаймиз.
Тез орада ҳукумат даражасида бу ҳолат бартараф этилишига ишонамиз.
Ўйлаймизки, Сиз ҳурматли фуқаролар,  бу вақтинчалик қийинчилик ҳал этилгунига қадар  вазиятни тушунган ҳолатда баҳолаб,ички имкониятлардан борича фойдаланишга ҳаракат қиласиз.
Албатта, умид қиламизки, туманимизда ҳам электр  таъминоти тез орада изга тушади", деди у мурожаатида.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!