Кардиологлар "iPhone 12" соғлиқ учун зарарли эканини тасдиқлашди

Кардиологлар "iPhone 12" соғлиқ учун зарарли эканини тасдиқлашди

АҚШлик кардиологлар "iPhone 12"нинг юрак хасталиги бор беморлар учун хавфлилигини тасдиқлашди. Бу ҳақда "NBC25 News" телеканали хабар бермоқда.
Манбанинг айтилишича, Детройтдаги Генри Форд номидаги юрак ва қон томир институти мутахассислари томонидан ўтказилган тадқиқотда янги "iPhone 12"ларнинг соғлиқ учун хавфлилиги маълум бўлган. Шифокорларнинг таъкидлашича, "Apple" смартфонларида жойлашган магнит имплантация йўли билан ўрнатилган юрак стимулятори ва дефибрилаторларнинг ишлашига салбий таъсир қилади.
Эксперимент доирасида доктор Гуржит Сингх ва унинг ҳамкасблари дефибрилатор ўрнатилган беморнинг кўкраги устида "iPhone 12 Pro"ни ушлаб туришди. Натижада жарроҳлик йўли билан ўрнатилган тиббий ускуналарнинг ишлашида муаммолар пайдо бўлган.
«Телефонни кўкракдан олганимизда, дефибрилатор дарҳол нормал ишлашга қайтди», дейди доктор Сингх.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, экспертлар гуруҳи қурилманинг ушбу "қобилияти"дан ҳайратда қолишган.
"Биз "iPhone"даги магнитни тиббий асбобга таъсир эта олмайдиган даражада кучсиз деб тахмин қилардик", дейди ушбу ҳолатга изоҳ берган мутахассис.
Ушбу тадқиқот якунида мутахассислар смартфонлар юрак хасталиги билан оғриган одамларга зарар етказиши мумкин, деган хулосага келишди.
Шу боис шифокорлар юракда жарроҳлик амалиёти ўтказган одамлар "iPhone 12" смартфонларини кўйлак ёки пальтонинг юқори чўнтагида олиб юрмасликни, шунингдек, уларни кўкракка қўймасликни тавсия қилишди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!