Кампирини ўлдириб қўйган сурхондарёлик ​чол: «Ярашиб олмоқчи эдим, аммо...»

Кампирини ўлдириб қўйган сурхондарёлик ​чол:  «Ярашиб олмоқчи эдим, аммо...»

2019 йил 15 январь санасида жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман суди биносида судланувчи У.Ҳамдамов (мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилди)га оид жиноят иши кўриб чиқилди. 1955 йилда туғилган, маълумоти ўрта, пенсионер, оилали, етти фарзанднинг отаси, муқаддам судланмаган У.Ҳамдамов жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятини содир этган. Бу ҳақда Даракчи нашри ёзмоқда.

У.Ҳамдамов 2018 йил 11 декабрь куни соат 09:00 атрофида турмуш ўртоғи В.Ҳамдамова билан олдиндан давом этиб келаётган оилавий келишмовчиликлар сабабли ўзаро тортишиб қолади. Жаҳл отига минган чол омборхонадан темир бўлагини олиб чиқиб, кампирини урмоқчи бўлганида эрининг важоҳатини кўрган аёл жон ҳолатда кўчага қочади. Аммо судланувчи кампирининг омон қолишига йўл бермайди. У аёлнинг изидан қувлаб етиб олиб, қўлидаги темир бўлаги билан бош қисмига бир неча маротаба уради.

Ярашиб олмоқчи эдим, аммо...

У.Ҳамдамов кўрсатмасидан:

Кампирим В.Ҳамдамова билан 1979 йил турмуш қурганмиз. Етти нафар фарзандимиз бор. Аёлим билан кўп йиллардан буён тил топиша олмас эдик. Ўзаро келишмовчиликлар сабабли 2017 йил алоҳида хоналарга кўчиб ўтиб, бўлак яшай бошладик. У билан деярли гаплашмасдик, бундан фарзандларимизнинг ҳам хабари бўлган. Улар бизни яраштирмоқчи бўлганида кампирим унамади. Раҳматли ёмон аёл эмасди. Аммо аёллик вазифаларини тўла-тўкис бажармасди: ош-овқатимга қарамасди, кийимларимни озода тутмасди, умуман мен билан иши йўқ эди.

Ўша куни соат 08:30 ларда ўғлим ва келиним билан бирга нонушта қилдик. Хонага кириб келиб, менга кўзи тушган кампирим кейинроқ чой ичишини айтиб, хона бурчагидан жой олди. Ўғлим ишга кетгач, мен ҳам ҳовлига чиқдим. Тўғри омборхонага бориб, болтага даста ясатиш учун мос келадиган темир бўлагини олиб чиқдим. Бироздан сўнг пайвандчи билан кўришишим керак эди. Эшик томонга кетаётганимда ичкари хонада кампирим чой ичаётган эди. Ташқарида пойабзали турганини кўриб, у билан гаплашиб олиш учун ёнига кирдим. Қўлимда темир бўлаги бор эди. Хотинимга Қачонгача шундай яшаймиз, болаларнинг олдида уялмайсанми? дедим. У бўлса Сиз билан ҳеч қачон ярашмайман. Бошқасига уйланишингиз мумкин. Розиман! деб зарда қилиб, хонадан чиқиб кетди. Аччиғим келиб уни тўхтатмоқчи бўлганимда у дод-вой қилиб келинни чақирди. Ҳовлиқиб кириб келган келинни кўриб, кампиримнинг кийимини қўйиб юбордим. У эса оёқяланг ҳовлига югуриб чиқди-да, бақир-чақир қила бошлади. Сўнг кўчага қараб югурди. Унинг ИИБга бориб устидан шикоят қилиши мумкинлигини ўйлаб, тўхтатмоқчи бўлдим. Аввалига ортига қайтишини айтиб, бақирдим. Аммо у эътибор қилмади. Сўнг ортидан қувлаб етиб олдим-да, қўлимдаги темир бўлаги билан орқа томонидан бошига бир марта урдим. Кампирим темир зарбидан ҳушини йўқотиб, ерга йиқилди. Ортимдан етиб келган келиним Урманг , деганидан сўнг ўзимга келиб, кампиримга тан жароҳати етказганимни англадим. Шундан кейин уйга кириб, кийимимни алмаштирдим ва темир бўлагини олиб, Қизириқ тумани ИИБга йўл олдим. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимларига бўлиб ўтган воқеани сўзлаб бердим. Кечроқ хабар топдим, камирим шифохонада жон берибди. Рости, бундай бўлишини истамагандим.

Маълумотларга кўра, жабрланувчи шифохонага етказилгач, унга биринчи ёрдам кўрсатилган. Бош соҳасида операция ўтказилган. Бироқ бемор кўп қон йўқотгани туфайли унинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмаган.

Ҳаммаси кўз ўнгимда содир бўлди

Судда сўралган гувоҳ Ш.Мамажонова кўрсатмасидан:

Қайнота-қайнонамнинг ўзаро муносабатлари ўтган бир йил давомида ёмонлашди. Улар бир-бири билан гаплашмасди. Қайнотамнинг уст-бошига мен қарардим. Ош-овқатини ҳам мен тайёрлаб келганман. Иккисини яраштириш учун кўп ҳаракат қилдик. Аммо бўлмади. 2018 йил 11 декабрь куни мен, турмуш ўртоғим ва қайнотам бирга нонушта қилдик. Қайнонам эри билан бир дастурхон атрофида ўтиришни истамагани боис хона бурчагида ўтира турди. Кейин мен турмуш ўртоғимни ишга кузатгани чиқдим. Қайнотам ҳам хонадан чиқиб кетди. Бироздан сўнг ичкаридан қайнонамнинг бақираётганини эшитдим. Хонага югуриб кирганимда қайнотам бир қўли билан қайнонамнинг билагидан ушлаб турарди, иккинчи қўлида эса темир бўлаги бор эди. Ундан қайнонамни қўйиб юборишини сўрадим. Бироқ қайнотам Сен аралашма , деб жеркиб берди. Пайтдан фойдаланиб қайнонам қайнотамнинг қўлидан қутулди-да, ҳовлига чиқди. Қайнотам ортидан чиқиб, яна қўлидан силталаб тортмоқчи бўлди. Шунда қайнонам қўшниларни ёрдамга чақириб, бақира бошлади. Табиийки, бундан қайнотамнинг баттар жаҳли чиқди. Сен ҳали қўшниларни ёрдамга чақирасанми? деббақирди. Қайнонам қўрққанидан Йўқ, ҳеч кимни чақирмайман , деб ўзини кўчага урди. Қайнотам унинг ортидан қувлаб кетди. Чамаси 10-20 метрлар югуриб, қайнонамга етиб олди. Қўлидаги темир бўлаги билан аввал қайнонамнинг белига урди. Қайнонам ерга йиқилгач, темир билан бошига зарба берди. Мен етиб келганимда қайнонам ҳушсиз ётарди. Оғзи ва бурнидан қон оқаётганди. Қўрқиб кетиб, қўшниларни чақирдим. Кўплашиб қайнонамни Қизириқ туман марказий касалхонасига олиб бордик.

Қандай жазо тайинланди?

Суд судланувчи У.Ҳамдамовга нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги ва кекса ёшда эканлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб эътиборга олди.

Судланувчи У.Ҳамдамов ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми д бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми д банди билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!