Жо Байден АҚШнинг Суриядаги авиазарбаси сабабини маълум қилди

Жо Байден АҚШнинг Суриядаги авиазарбаси сабабини маълум қилди

Сурияда эронпараст кўнгиллилар қўшинлари АҚШ ҳарбийларига янги ҳужумларни режалаштирган. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден айтиб ўтди, деб ёзади «РБК». Давлат раҳбари 27 февраль куни Конгрессни америкаликлар томонидан Сурия шарқида берилган авиазарба ҳақида хабардор қилди. Вакиллар палатаси ва Сенатга йўлланган хат матни Оқ уй сайтида эълон қилинди.

«Менинг буйруғим билан 2021 йил 25 февраль куни АҚШ Қуролли Кучлари шарқий Сурияда Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи нодавлат кўнгиллилар қўшинлари фойдаланган инфратузилмага зарба берди», — дейилади унда.

Ушбу гуруҳлар яқинда Ироқда АҚШ ва коалиция ҳарбий хизматчиларига уюштирилган ҳужумларга алоқадор бўлган, улардан бири 2021 йил 15 февраль куни амалга оширилган, оқибатда бир неча киши яраланган эди, деди Америка етакчиси. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, янги ҳужумларга тайёргарлик кўрилмоқда.

Сурияда амалга оширилган зарбадан кейин Пентагонда маълум қилишларича, ҳарбийлар Ироқ разведка маълумотларига таянган. У ердаги ҳужумни кўнгиллилар қўшинларининг хатти-ҳаракатларига муносиб жавоб деб аташди.

Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Жон Кирбининг сўзларига кўра, авиаҳужум иккита Ф-15 қирувчи самолётлари ёрдамида Ироқ билан чегарада жойлашган Абу-Камол шаҳри яқинидаги кўнгиллилар қўшини объектларига уюштирилган. Натижада тўққизта объект йўқ қилинган, яна иккитаси кучли зарар кўрган. Шунингдек, Пентагон маълумотларига кўра, кўнгиллилар қўшинлари талафот кўрган, аммо рақамлар келтирилмади.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Вашингтон Москвани Сурияга уюштириладиган ҳужум ҳақида бор-йўғи беш дақиқа аввал огоҳлантирганини маълум қилди. Россия ТИВ ушбу ҳужумни қоралади.

АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари зарбасидан кейин Байден Эронни унинг хатти-ҳаракатлари жазосиз қолмаслиги ҳақида огоҳлантирди.

Эслатиб ўтамиз, 26 февралга ўтар кечаси АҚШ Сурияда Дамашқни қўллаб-қувватловчи эронпараст кўнгиллилар қўшини билан боғлиқ бинога авиазарба берди. Маълумотларга кўра, зарба мудофаа хусусиятига эга бўлган ва февраль ойида кўнгиллилар қўшини томонидан Америка ҳарбийларига уюштирилган учта ҳужумга жавоб бўлган.

Шундан кейин Эрон АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳаракатлари минтақадаги зўравонликни кучайтириши мумкинлигидан хавотир билдирди. АҚШнинг Суриядаги Эронга алоқадор объектларга ҳаво зарбасини бериши минтақадаги зўравонликларни янада кучайтириб юбориши мумкин, деди Эрон президент аппарати ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази халқаро лойиҳасининг директори Диако Ҳусайний.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!