Италия ва Тожикистон президентлари ҳамкорликни муҳокама қилди

Италия ва Тожикистон президентлари ҳамкорликни муҳокама қилди

23 апрель, сешанба куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон италиялик ҳамкасби Сержио Маттарелла билан учрашди. Бу ҳақда Тожикистон Республикаси президенти матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, томонлар якка тартибда ва икки давлат делегациялари иштирокида Тожикистон ва Италия ўртасидаги ҳамкорлик масаласини муҳокама қилган.

«Биз Италия Республикасини Европадаги муҳим ва ишончли ҳамкоримиз деб биламиз», — деди Раҳмон музокаралар аввалида.

Музокаралар чоғида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик ва сиёсий, иқтисодий ва савдо-сотиқ соҳаларида алоқаларни кенгайтиришнинг бир қатор масалалари, қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Италиянинг, айниқса, гидроэнергетика, озиқ-овқат, енгил ва тоғ-кон саноати, фармацевтика, табиий ресурслардан фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида тўпланган бой тажрибасидан фойдаланиш томонлар учун устувор ва самарали деб номланди.

Қўшма Савдо кенгашининг ташкил этилиши томонларнинг хусусий сектордаги ҳамкорлигини кенгайтириш учун ўз вақтида қўйилган қадам бўлиши таъкидланди.

Шунингдек, фуқароларнинг саёҳати соҳасида ҳамкорликнинг янги йўлларини излаш, икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновларини ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Бу йўналишда икки давлат раҳбарлари ташриф чоғида имзоланадиган дипломатик паспорт эгалари учун визани бекор қилиш тўғрисидаги битимни муҳим қадам сифатида баҳоладилар.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!