Инфляция даражаси аввалги ойга нисбатан тезлашиб, 14,7 фоизни ташкил этди
Марказий банк томонидан аҳоли ўртасида ўтказилган сўровлар натижасига кўра, декабрь ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси аввалги ойга нисбатан тезлашиб, 14,7 фоизни ташкил этди.
Сўралганларнинг 57 фоизи инфляция омили сифатида ёқилғи ва энергия нархининг қимматлашуви хавотирини кўрсатган.
Шунингдек, коммунал хизматлар қимматлашуви 56 фоиз, транспорт харажатларининг ошиши 35 фоиз, нархларнинг ошиши 33 фоиз хавотирини кўрсатган. Бизнеснинг кутилмалари бирданига 1,2 фоиз бандга ёмонлашган ва 13,9 фоизга етган.
Келгусида нархларга оширувчи босим кўрсатиши мумкин бўлган асосий омиллар сифатида ёқилғи ва энергия ресурслари, коммунал хизматлар қимматлашиши, валюта курси ўзгариши, транспорт харажатларининг ошиши ҳамда монополия ва нархларнинг сунъий оширилишини қайд этган респондентлар улуши кўпайган.
Аҳоли инфляцион кутилмаларининг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида кузатилган бўлса, нисбатан паст инфляцион кутилмалар Андижон вилоятида истиқомат қилаётган аҳоли томонидан қайд этилди. Тошкентда аҳолининг инфляцион кутилмалари 19,1 фоизни ташкил этган. Ноябрда 17,7 фоиз эди. Бу расмий инфляциядан деярли 2 карра юқори дегани.
Тадбиркорлик субъектларининг юқори инфляцион кутилмалари Тошкент шаҳрида кузатилган бўлса, нисбатан паст кутилмалар Қорақалпоғистон Республикасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар томонидан қайд этилди.
Аҳоли томонидан юқори сезилган инфляция даражаси ишлаб чиқариш соҳаси вакиллари томонидан билдирилган бўлса, нисбатан паст сезилган инфляция даражаси маиший хизмат соҳаси вакиллари томонидан қайд этилди.