ИИБ ходимига 200 доллар пора бермоқчи бўлган шахс ушланди

ИИБ ходимига 200 доллар пора бермоқчи бўлган шахс ушланди

Терговчига жиноят иши бўйича енгиллик қилиши учун пора берган фуқаро ашёвий далиллар билан ушланди.

Тошкент вилоятида 2018 йил 14 сентябрь куни ИИБ ходимига пул таклиф қилган фуқаро ушланди. Бу ҳақда ўз манбаамиз хабар берди.

2018 йил 27 август куни соат тахминан 02:10 ларда ҳайдовчи, Наманган вилояти Наманган шаҳрида яшовчи, 1994 йилда туғилган фуқаро У.С. бошқарувида бўлган «Ласетти» русумли автомашинасида Оҳангарон шаҳри ҳудудидан ўтган “Гулистон – Бўка – Ангрен Қўқон-Андижон – Ош” автомобиль йўлининг 132-чақиримида йўлнинг чап тарафидан ўнг тарафига йўлни бетон тўсиғидан ошиб ўтаётган фуқаро Сурхондарё вилоятида яшовчи 1972 йилда туғилган фуқаро Н.З.ни уриб юборган. Натижада Н.З. олган тан жароҳатлари билан ҳодиса жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2018 йил 27 август куни Оҳангарон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан фуқаро У.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

2018 йил 14 сентябрь куни тахминан соат 08:30 ларда ўзини ҳайдовчи У.С.нинг отаси деб таништирган Наманган вилояти Наманган шаҳрида яшовчи 1966 йилда туғилган фуқаро М.А. терговчи Х.Ф.нинг хизмат хонасига кириб, ўғли У.С.га жиноят иши бўйича енгиллик қилиши, автоуловни жарима майдончасидан чиқариш, ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этмаслик ва ўғлига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлламаслик эвазига пора тариқасида 200 АҚШ доллари беришни таклиф қилган.

Ҳолат юзасидан ИИБ терговчиси Х.Ф. ўз раҳбарига қилган ахборот бериб, пора таклиф қилган фуқаро М.А.га нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.

Шундан сўнг шу куни Тошкент вилояти ИИБ тезкор ходимлари ҳамда Оҳангарон шаҳар прокуратураси ходимларидан иборат тезкор гуруҳ томонидан фуқаро М.А. ИИБ терговчиси Х.Ф.га 200 АҚШ долларини пора тариқасида бераётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Manba: 7news.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!