Ички ишлар органлари ходимларига янги уйлар топширилди

Ички ишлар органлари ходимларига янги уйлар топширилди

Маълумки, бугунги кунда давлатимиз томонидан ички ишлар органлари фаолиятини тубдан янгилаш борасида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, яқинда Нукус шаҳридаги Нур маҳалла фуқаролар йиғинида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар органлари ходимлари учун бунёд этилган янги замонавий турар жойлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қахрамон Сариев, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, полковник Айтбой Темирханов, Шимолий-Ғарбий ҳарбий округ қўмондони, полковник Дилшод Чориев ҳамда қатор жамоат ташкилот вакиллари иштирок этди.

Унда сўзга чиққанлар томонидан айни кунда юртимизда нишонланаётган 9 май Хотира ва Қадрлаш куни, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан эришилган ғалабанинг 74 йиллиги каби улуғ сана арафасида топширилаётган янги уйлар ўзига хос маънога эга эканлиги, сабаби Ватан тинчлиги-осойишталиги ҳар доим муҳим масала бўлиб, уни асрашда ички ишлар органларининг муносиб ҳиссаси борлиги таъкидланди.

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 июнь кунги Ички ишлар органлари ходимларининг турар жой шароитларини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида ги қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган ходимлардан 110 нафарига узоқ муддатли имтиёзли кредит ҳисобидан уй бериш белгиланган эди. Бугун 5 қаватли 90 хонадонни ўз ичига олган 3 та уйнинг калитлари ўз эгаларига топширилмоқда. Жорий йил охиригача яна 20 нафар ходимларимизни турар жой билан таъминлаш режалаштирилган, -дейди Вазир ўринбосари, подполковник Ахмет Қалимбетов.

Янги турар жойларга эга бўлганлар орасида Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси катта инспектори, капитан Бабил Байжанов ҳам бор. Ички ишлар органларида 9 йилдан буён хизмат қилиб келаётган Б.Байжанов ушбу кунни интизорлик билан кутганини қайд этиб, бунга қадар оиласи билан ижарада яшаб келганини, уй-жойга бўлган муҳтожлиги ва ўтган давр мобайнидаги интизомий жазога тортилмай, намунали хизмат қилганлиги боис берилган 3 хонали хонадон учун жуда ҳам мамнун эканлигини айтиб ўтди.

Шунингдек, ушбу тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси номидан Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига 7 дона Нексия-3 хизмат автомашиналари ва профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиларига хизмат гувоҳномалари тантанали равишда топширилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!