«Ҳаёт ҳам, дин ҳам аслида осон, уни мураккаблаштириш керак эмас»

«Ҳаёт ҳам, дин ҳам аслида осон, уни мураккаблаштириш керак эмас»

“Бу воқеа Копенгаген университетида содир бўлган. Физика ўқитувчиси имтиҳонда талабаларга шундай савол беради: “Кўп қаватли бинонинг баландлигини барометрдан (босим ўлчайдиган асбоб) фойдаланиб қандай топиш мумкин?”

Талабалардан бири жавоб беради: “Барометрнинг учини ипга боғлаб, бинонинг энг юқорисидан пастга туширамиз. Асбоб ерга текканда ип ва барометрнинг узунликларини қўшсак, бино баландлиги келиб чиқади”.

Бу жавобдан аччиқланган ўқитувчи талабани имтиҳондан йиқитади. Талаба эса ўз навбатида маъмуриятга шикоят қилади. Вазиятни ўрганиб чиқиш ва ҳал қилиш учун бошқа ўқитувчи тайинланади.

Янги ўқитувчи талабанинг аслида тўғри жавоб берганини, лекин бу ерда физик қонуниятдан фойдаланилмаганини, бу эса ўз навбатида талабанинг физикадан билими пастлигини кўрсатади, дея хулоса қилади.

Хулосасини тасдиқлаш учун домла талабага яна ўша савол билан мурожаат қилиб олти дақиқа муҳлат беради. Беш дақиқа ўтса ҳамки жавоб бўлавермайди. Ўқитувчи талабага унинг бир дақиқа вақти қолганини айтади.

Шунда йигит масаланинг бир неча жавоби мавжудлигини, бироқ қайси бирини танлашда иккиланаётганини билдиради ва вақт тугагач шундай жавоб беради:

“Биринчи жавоб: барометрни бинонинг энг тепасидан ташлаб юбориб, унинг тушиш вақтини ўлчайсиз. Кейин (H=gt²/2) формуласи орқали баландлигини ҳисоблайсиз. Лекин бу барометр учун яхши натижа эмас (чунки у синади)”.

“Иккинчи жавоб: агар ҳаво очиқ бўлса, барометрни ерга тик қўйиб соясини ўлчаймиз ва ўзининг узунлигига бўламиз. Кейин бино сояси узунлигини ўлчаб, чиққан нисбатга бўлсак, унинг узунлиги келиб чиқади”.

“Учинчи жавоб: барометрнинг учига ип боғлаб уни маятник каби тебратасиз. Олдин ерда, кейин эса бинонинг энг тепасида. Баландликни (T=2π√I/g) формуласидан фойдаланиб g нинг фарқидан топа оласиз”.

“Тўртинчи жавоб: агар бино ёнида ёнғин ҳолатида чиқиш учун ўрнатилган нарвон бўлса, барометрни чизғич ўлароқ ишлатиб баландлигини аниқлаш мумкин”.

“Бешинчи жавоб: агар классик олим ёки ортодокс бўлсангиз, албатта барометр билан ер сиртидаги ва бино тепасидаги босимни ўлчаб, босимнинг баландликка боғлиқлик формуласидан ҳисоблаб топа оласиз”.

“Олтинчи ва энг осон жавоб: бино қоровулининг эшигини тақиллатиб, унинг янги барометрга эҳтиёжи борлигини сўраш ва бунинг эвазига ундан бинонинг баландлигини айтишни талаб қилиш бўлади”.

Энди ўзингиз хулоса қилинг, бу талаба имтиҳондан ўтиши керакми ёки йиқилиши?

Ҳа, айтганча, талабанинг исми Нилс Бор. Физика фани бўйича Нобел мукофотини қўлга киритган ягона даниялик олим.” Усмон Уста

Мақолада бир масалани бир неча хил усул билан ечиш, топқирлик қобилияти ҳақида сўз юритилган. Бундан шундай хулоса чиқса керак: “Ким яхши билиши олган баҳоси эмас, фикрлаш қобилияти кучлилиги билан белгиланади”.

Менинг хулосам эса бошқачароқ бўлди: “Ҳаёт ҳам, дин ҳам аслида осон. Агар лозим бўлмаса, уни мураккаблаштириш керак эмас”.

Яъни физик олим қийин формулалар билан ечган масалани физикадан мутлақо хабари бўлмаган киши ҳам оддий усулда ечиб қўйиши мумкин. Мисол учун юқоридаги масаладан менга тўртинчи ва олтинчи жавоблар ёқди. Осон ва содда. Албатта физикани билмаслигим, тўғрироғи мактаб даврида ўрганганларимни унутиб юборганим ҳам шу хулосага ундади.

Бу билан физика ёки бошқа аниқ ва табиий фанларни ўрганмасликни тарғиб қилмоқчи эмасман. Аксинча айни шу фанлар гуманитар фанлардан кўра фойдалироқ, инсон ва жамият учун муҳимроқ фанлардир, менимча. Лекин ҳаётни мураккаблаштириш, осони турганда қийинига уринишни маъқулламайман.

Буни динимиз ҳақида ҳам айтса бўлади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Албатта дин енгилдир. Кимки динда (буюрилмаган амалларни қилиш билан) чуқур кетадиган бўлса, (дин) уни енгиб қўяди. (Чуқур кетмасдан, нуқсонга йўл қўймасдан) тўғриликни (ўртачаликни) ушланглар, (амалларни комил ҳолатда қила олмасанглар шу комилига) яқинлаштиринглар, (қилинган амал гарчи оз бўлсада, давомли бўлса унга бериладиган савоб билан одамларга) башорат беринглар! Эрталабки, кечки ва тунги вақтлардан (солиҳ амалларни кўпайтириш учун) фойдаланинглар”. Бухорий (39), Муслим (2816). (Ҳадисдаги изоҳлар Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Фатҳул-Борий” китобидан олинди).

Ўзи аслида юқоридаги воқеани ўқиб, биринчи чиқарган хулосам дин ҳақида эди. Кейин дунё ишларини ҳам қўшдим. Бу воқеадан ким қандай хулоса қилиши эса ўзига ҳавола.

Мусанниф АДҲАМ

Azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!