Гулистон шаҳридаги “Дўстлик” каналининг суви нега тўхтатилди?

Гулистон шаҳридаги “Дўстлик” каналининг суви нега тўхтатилди?

Гулистон шаҳридан оқиб ўтувчи, ўзани Ўзбекистондаги “Фарҳод” гидроэлектростанцияси ҳудудидан бошланиб Қозоғистон Республикасида тугайдиган “Дўстлик” каналидан сув узатиш вақтинча тўхтатилди. Сабаби мазкур ирригация тармоғининг Сирдарё вилояти марказидаги қисмини бетонлаштириш ишларининг навбатдаги босқичига киришилди.

Бундан аввал каналнинг бир километрлик масофаси яхлит, 2 километр 360 метрлик қисмида икки қирғоқ бетонлаштирилган эди. Бугун ана шу кенг кўламли ишлар туфайли шаҳар маркази, 1 ва 2-мавзелар, Дўстлик қўрғони, Гулистон давлат университети ҳудудларида сизот сувлар анча пастлаб, ернинг мелиоратив ҳолати бутунлай яхшиланган. Қолаверса кўпқаватли уйларнинг ертўлаларида сув тўпланишига ҳам барҳам берилди. Бир вақтлар чивинлар макони бўлган канал атрофи ободолаштирилиб, сўлим хиёбонлар ташкил этилди.

Айни чоғда Toʻpalang HPD Water Construction унитар корхонаси томонидан каналнинг яна 1405 метрлик масофасидаги қирғоқларини нам ўтказмайдиган махсус цемент воситасида бетонлаштириш ишлари олиб бориляпти. Ушбу босқич бажарилгач шаҳарнинг 3, 4, 5 –мавзеларида ҳам мелиоратив ҳолат янада яхшиланади.

Маълумот учун, “Дўстлик” каналининг илк ўзанини қазиш 1903 йилда бошланган, 1913 йилнинг 18 октябрида эса фойдаланишга топширилган. Ўшанда у орқали ҳозирги Боёвут тумани ҳудудидаги ерларга сув келтирилган. Мутахассисларнинг айтишича, ҳозир каналнинг бир йиллик сув ўтказиш қуввати 2,5 миллиард метр кубга тенг.

Manba: xs.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!