Германия ва Франция Европани қутқариш режасини тайёрлади

A A A
Германия ва Франция Европани қутқариш режасини тайёрлади

Германия канцлери Ангела Меркел ва Франция президенти Эммануэль Макрон коронавирус пандемияси фонида Европани қутқариш режасини тайёрладилар. Биргаликдаги ташаббус Европа иқтисодиётини тиклаш учун 500 миллиард евро миқдоридаги фондни яратишни ўз ичига олади, дея хабар беради Spiegel иккала мамлакат ҳукуматлари томонидан қабул қилинган ҳужжатга таяниб.

Унда айтилишича, жамғарманинг мақсади иқтисодиётнинг энг кўп зарар кўрган тармоқларини фонд бюджети ҳисобидан қўллаб-қувватлашдир. Бундай ҳолда, биринчи навбатда, инвестициялар атроф-муҳит ва рақамли технологияларни ривожлантиришга йўналтирилиши керак.

Таъкидланишича, фонднинг ёрдами маълум вақтгача мавжуд бўлади. Дастур барча Европа Иттифоқи давлатлари томонидан бир овоздан маъқулланиши керак.

Меркелнинг сўзларига кўра, Франция ва Германиянинг қўшма ҳамкорлиги Европа Иттифоқидаги бирликни таъминлайди. Унинг қўшимча қилишича, ҳозирги шароитда уюшманинг яхлитлиги хавф остида, чунки пандемия аъзо давлатларга турли даражада салбий таъсир кўрсатган.

Апрель ойининг охирида Европа Комиссияси пандемия шароитида Европа Иттифоқини иқтисодий инқироздан чиқариш учун икки триллион евролик режа тайёрлаганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!