Франциялик шифокор гидроксихлорохин коронавирусда хавфсиз эканини айтди

Франциялик шифокор гидроксихлорохин коронавирусда хавфсиз эканини айтди

Франциялик таниқли микробиолог Дидье Раульт коронавирусга чалинганларни даволашда қўлланилаётган гидроксихлорохин ўлим хавфини ошириши тўғрисидаги тадқиқот хулосасига қўшилмаслигини айтди.

У Lancet тиббиёт нашрида эълон қилинган тадқиқот натижаларига нисбатан ана шундай фикр билдирди. Тадқиқот муаллифлари юзлаб касалхоналардаги 96 минг беморнинг даволаниши тўғрисидаги маълумотларни ўрганиб чиқиб, гидроксихлорохин коронавирусга чалинганларда ўлим хавфини оширади деган хулосага келганди.

Шифокорнинг "Твиттер"да ёзишича, у гидроксихлорохин ва азитромицин бирикмасидан фойдаланмоқда, натижада унинг Марселдаги тадқиқот клиникасида беморлар ўлими 0,5 фоизни ташкил этмоқда. 

"Бу дунёдаги энг паст кўрсаткич. Мен клиникамиздаги 4 мингга яқин беморнинг даволаниш натижаларига эмас, шубҳали "катта маълумот"га (Big Data) ишонишим лозим деб ўйламасангиз керак.  Унда даволаш курслари тўғрисидаги маълумотлар чалкашиб кетган, беморларга қанча миқдорда дори берилгани ҳисобга олинмаган", - деб ёзди Раульт..

Раульт шунингдек, бундай тадқиқотни ўтказишнинг ўзи нотўғри бўлганлигини, тадқиқот муаллифлари беморларни шахсан кўрмагани, даволаш билан боғлиқ барча жиҳатларни билмасликларини таъкидлади.

Франциялик профессорнинг таъкидлашича, агарда миқдорда қаттиқ адашиладиган бўлса, гидроксихлорохин дарҳақиқат соғлиқ учун хавфли.

"Ўнлаб йиллардан бери ортиқча муаммоларсиз фойдаланиб келаётган дориларимизни йўқ қилиб, бир неча баравар қиммат ва самарасиз янги дорилардан фойдаланишимиз керакми?", - дея савол берди у.

Маълумот ўрнида Дидье Раульт юқумли касалликлар бўйича дунёдаги таниқли мутахассислардан ҳисобланади.  


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!