Етти кун давомида ота-онасини елкасидан туширмаган йигит қаерга йўл олди?

Етти кун давомида ота-онасини елкасидан туширмаган йигит қаерга йўл олди?

Бугун ахборот асрида яшаяпмиз. Телевидение, газета–журналлар, интернет  тармоқлари орқали  турли-туман хабарлар, фото суратлар, видеолавҳалардан воқифмиз.  Яқинда интернет тармоғида   юролмайдиган  кекса ота-онасини саватга солиб, икки елкасига осиб,  Бангладешга қочиб кетаётган   бирмалик мигрант йигитнинг суратини учратиб чуқур ўйга толдим.   Етти кун давомида ота-онасини елкасидан туширмасдан кўтариб  кетаётган йигитнинг оёғи яланг, усти юпун, аммо  қалби, имони бутун эди.  Ота-онасига тенгсиз меҳр ва муҳаббат кўрсатган  бу йигитни кўриб, хаёл ойнасидан кўчаларимизда  тез-тез учраб турадиган   ёнидан ўтганингизда  мунғайиб қўлларини  сизга чўзиб, садақа сўраётган кекса отахон ва   онахонлар ўтди.

Ҳар гал одам гавжум  шаҳар марказида   қадди букилиб,  усти юпун, кўзларида мунг билан ийманиб, қўлларини  чўзиб турган  аёлга пул узатар эканман,   юрагим   бир қалқиб,   БУ КИМНИНГ ОНАСИ?  деган савол хаёлимдан ўтади.  Дўкон ёнидаги овоз ёзиш студиясида  эса севимли ҳофизнинг  “ Сочлари  оқ, хаста бўлса ҳам, Орангизда Онам бўлсайди...” деган  ғамгин ноласи  баланд  пардаларда янграб,    юракни баттар эзади. 

Тиланчилар   Яратганга ҳам, бандасига ҳам ёқмаслиги аниқ. Тиланчилик қилаётганларга садақа беришни ҳам кўплар  хушламайди. Аммо  у -тиланчи эмас, у –ОНА! Муҳтожликдан   нонга чўзилган қўлларни қайтара олмаймиз. Айниқса улар ота-онамиздек кексайиб қолган,  ёрдамга муҳтож инсонлар бўлса, улардан мурувватимизни дариғ тутиш инсофдан эмас. Йўқ, йўқ, бу  ерда тиланчилик ношукурлик  белгиси, деб  асло таъна қилолмаймиз. Бу мақолани ҳам  асло бундай  таъна билан ёзаётганимиз йўқ. Аксинча, ота-онадек мўътабар зотларнинг кексайганда, меҳнатга яроқсиз бўлиб қолганида бундай  ачинарли ҳолатга тушиб қолишига йўл қўймаслик  мақсадида бу сўзларни ёзишга жазм этдик.

Фарзандини оқ ювиб, оқ тараган, бутун умрини боласига бағишлаган муштипар онасини кексаликда  хўрлатиб қўйиш ҳолатлари бизнинг миллатимизга ёт иллат албатта.   Тўғри, уйининг тўридан  пиру бадавлат  волидаси ва падари бузрукворига  жой берган, меҳри  билан уларни ардоқлаётган, қадрлаётган  оқибатли фарзандлар бисёр.  Ҳаётда тўшакка михланган хаста ота-онасини бир неча йиллар давомида  қўлида кўтариб, парвариш қилган меҳрибон фарзандлар  ҳам оз эмас.  Аммо ҳаёт чорраҳаларида юқоридаги каби ёрдамга муҳтож, меҳрга зор ота-оналарни тез-тез учратаяпмиз.  Уларнинг фарзандлари нега  бу кўйга ташлаб қўйди экан, деган  саволларга эса  жавоб тополмаймиз.

Бундай фарзандлар Бош қомусимизда белгилаб қўйилган “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”деган  ҳам қонуний, ҳам виждоний асосни наҳотки  унутган бўлсалар?  

Яна бир оғриқли масала. Кексайганимда ҳолимдан хабар олсин деб, мол-мулкини фарзандларига  хатлаб бериб, ўзи кўчада қолган ота-оналар ҳам афсуски учраб туради.  Тўрт мучаси соғ бўла туриб, ҳеч қаерда ишламай,   кекса ота-онасининг елкасига “миниб” олгани етмаганидек,  дўқ-пўписа билан   уларнинг охирги  пулларини ҳам тортиб олаётган нобакор ўғил-қизлар ҳам йўқ эмас. Энг ачинарлиси, ота-онасига қўл кўтараётган  нонкўр фарзандлар борлигини  асло кечириб бўлмайди.

Бу ўткинчи дунёда    қишлоқдаги ота-онасини йўлларига  интизор қилиб, бир ҳол сўрашга вақт тополмайдиган  айрим  тошбағир фарзандлар улар оламдан ўтгандан сўнг, шаҳардаги катта ресторанларда  отаси ёки онасига аза     зиёфати уюштириши ҳам бизнинг қадриятларимизга ёт нарса эмасми? Отангиз ёки онангизнинг  вафоти тўймидики, унга    казо-казоларни таклиф қилиб ош берасиз? Ундан кўра, тириклигида  йўлларингизга нигорон бўлган мўътабар зотни йўқлаб туриш, унга оддий бўлса ҳам нимадир совға қилиб қувонтириш,  кўнглини кўтариб, ризо қилиб, дуосини олиш фарз эмасми?   

Сизга энг қимматли нарсани- ҳаёт ва оқ сут берган  Онангизни  мурувват уйига топшираётганда виждонингиз уйғоқмиди, кўзларингиз очиқмиди, деб сўрагимиз келади.  Ота –онангизни армонларга топшириб қўйиб, қандай бемалол яшашингиз, бемалол ухлашингиз мумкин ?  Ахир онангиз, отангизнинг томоғидан сизсиз сув ҳам ўтмаган кунларни наҳотки унутган бўлсангиз.  Тўғри, улар асло нолимайди, бировга шикоят ҳам қилмайди.   Шунинг  учун  ҳам бизда  ота-онасига қарамагани учун   жарима тўлаган,  унга озор етказгани учун жазога тортилган  кимсани кўрмайсиз. Чунки, ота-оналар боласидан ҳеч қачон нолимайдиган, уларга ёмонликни раво кўрмайдиган   халқмиз, миллатмиз.

Мабодо улар ҳеч кимсиз,  ёлғиз кекса бўлса-чи? Ахир унда қонунларимиздаги “Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир” дейилган  ҳуқуқий асос нега ишламаяпти?

Чунки баъзида  қўлтиқтаёққа суянган, бир қўли ёки бир оёғи йўқ одамлар қаршингизда жовдираб туради. Қишнинг қаҳратонларида, ёзнинг саратонларида уларни кўриб раҳмингиз келади. Тўғри, мамлакатимизда “Мурувват” уйларида   ҳимояга, ёрдамга муҳтож ёлғизларнинг кўпчилиги жойлаштирилган. Жисмоний имконияти чекланган  фуқароларга  барча қулайликларга эга бўлган бошпана, турмуш шароитларини  яхшилашлари учун ёрдамлар, уй-рўзғор ва  иш анжомларининг берилиши  узоқ йиллар ўзларини жамиятдан ажралиб қолгандек ҳис қилиб яшаётган замондошларимизнинг хонадонига, кўнглига ёруғлик олиб кирганлигини бугун тан олиш керак. Лекин эътиборимиздан четда қолганлар ҳам борлигини унутмайлик.

Демак, маҳаллаларда ўзгалар меҳрига, ёрдамига муҳтож  ёлғиз қарияларни  аниқлаш ва уларнинг қаровсиз қолмаслик чораларини кўриш  зарур. Юртимизда инсонларни рози қилиш, уларнинг ўз ҳаётларидан миннатдор бўлиб яшашларини таъминлаш учун  Президентимиз  жуда катта эътибор  ва алоҳида  ғамхўрлик кўрсатаётганлигига барчамиз гувоҳмиз.  “Оила” марказлари, ички ишлар идоралари билан маҳаллалар, нуронийлар ташкилотлари ҳамкорлигида бу муаммога ечим топилса яхши бўларди.  Чунки қонунларимизда буларнинг барчаси  ўз аксини топган.

Тўғри, меҳр сотилмайди. Ҳеч бир давлатда, ҳеч бир жамиятда меҳрнинг ва қадрнинг бозори йўқ. Меҳрни юракларга ўзимиз экиб, ўзимиз кўкартирайлик. Қондан-қонга ўтган Ота меҳри, жондан-жонга ўтган Она меҳри бизга аждодларимиздан қолган қутлуғ мерос-ку. Шундай улуғ бойликни  наҳотки йўқотаётган бўлсак?

Ҳар бир ишимизни виждон кўзгусига солиб,  ҳар  бир қилмишимизни  виждон тарозусида ўлчасак нур устига аъло нур бўларди.   Шунда тилимизда, дилимизда   “Меҳр ва қадрнинг бозори борми?” деган савол  такрорланмасди...

                                                                                    Маруса ҲОСИЛОВА,

                                                                                     журналист.

Manba: zarnews.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!