ДТМ кириш имтиҳонлари учун қилинган харидлар ҳақида изоҳ берди

ДТМ кириш имтиҳонлари учун қилинган харидлар ҳақида изоҳ берди

2020 йил 29 октябр куни “давлетовуз” телеграм каналида Давлат тест марказининг сентябр ойидаги тест синовлари учун харидлари ҳақида маълумот эълон қилинди (https://t.me/davletovuz/10823).

Мазкур ҳолат бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз:

1. Давлат комиссиясининг 2020- йил 19 июлдаги 1-сон баёни билан Давлат тест маркази коронавирус пандемиясига қарши курашиш чора-тадбирларидан келиб чиқиб, 2020-2021-ўқув йили қабулида тест синовларида абитуриентларни тиббий ниқоб, қўлқоп, ручка, ичимлик сувлари, гуруҳ назоратчилари ҳамда ушбу жараёнга жалб этиладиган ходимларни сифатли тушлик билан ўз вақтида таъминлаш мақсадида ички танлов асосида шартномаларни расмийлаштириши белгиланган.

2. Шунингдек, Давлат комиссиясининг 2020 йил 28 августдаги 3-сон баёни билан Давлат тест маркази 2020-2021-ўқув йили қабулида кириш тест синовлари очиқ стадионлар ва хиёбонларда ўтказилиши муносабати билан қуёш нуридан ҳимоялаш мақсадида, абитуриентларни бош кийим (кепка) билан таъминлаш учун ички танлов асосида шартномаларни расмийлаштиришга рухсат берилган.

3. “БОБУРХОН БН НОДИРХОН” корхонаси билан дастлаб тузилган шартномага биноан корхона 1 млн дона бош кийим (кепка)ни 6 174 сўмдан 6 174 000 000 сўмга, 15 % қўшимча қиймат солиғи билан бирга 7 100 100 000 сўмга етказиб бериши керак бўлган.

4. Лекин корхона белгиланган миқдорда бош кийимларни етказиб бера олмагани учун дастлабки шартнома бекор қилиниб, қўшимча келишув имзоланган ва 6 174 сўмдан жами 69 506 дона бош кийимни 429 130 044 сўмга, 15 % қўшимча қиймат солиғи билан бирга 493 499 550,60 сўмга етказиб берган.

5. Мазкур корхона бош кийимларни етказиб бера олмагани учун бошқа корхоналар билан ҳам бош кийим етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланган.

6. Гуруҳ назоратчилари ҳамда ушбу жараёнга жалб этиладиган ходимлар эрталаб 06:00 дан кечки 20:00 қадар 15 соат давомида тест синовлари ўтказиладиган ҳудудда бўлганлиги сабабли уларни сифатли тушлик билан ўз вақтида таъминлаш мақсадида ҳар бир ҳудудда турли корхоналар билан шартномалар имзоланган. Бунда энг қиммат шартнома Тошкент шаҳри учун бўлиб, 13 кунга 12610 дона тушлик (бир марталик идиш, овқат, салат, нон, сув, булочка) нинг ҳар бирига 31 000 сўмдан (етказиб бериш билан бирга) жами 390 910 000 сўмга имзоланган.

Ундан кейинги энг қиммат шартнома Самарқанд вилоятида имзоланган бўлиб, бунда 12 кунга 5467 дона тушликнинг ҳар бирига 25 000 сўмдан жами 136 675 000 сўмлик шартнома имзоланган.

Давлат тест маркази 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!