Чили қалампири жомбойлик фермерларга зарар келтирди

Чили қалампири жомбойлик фермерларга зарар келтирди

Самарқанд вилоятининг Жомбой тумани фермер хўжаликлари 585 га ерда 5500 тонна аччиқ қалампир етиштирди, аммо ушбу ҳажмдаги қалампирга харидор топилмади. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берди.

Туманда аччиқ қалампир майдонларини ташкил қилишга 7 миллиард сўм кредит маблағлари жалб қилинди.

Фермерлар ўзи етиштирган маҳсулотларини Жануби-Шарқий Осиё ва Европа мамлакатларига экспорт қилишни режалаштирганди. Аммо импортер мамлакатларга ушбу маҳсулотни олиб киришга вақтинча тақиқ қўйилганлиги сабабли гаримдорига бўлган талаб сусайди.

Олинган ҳосилни ҳозир Қашқадарё вилоятининг «Бек агро» компанияси сотиб олмоқда, аммо кутилган даромадни фермерлар ололмайди. Деҳқонлар сарфланган маблағларни қайтариб олиш учун гаримдорини қуритишга мажбур бўлди.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, аграрчиларни гаримдори етиштиришга қизиқтириш учун ҳосилни қайта ишлашнинг самарали тизимини шакллантириш лозим.

2017 йилнинг декабрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Орол бўйига ташрифи чоғида камҳосил пахта далаларини қисқартириш, унинг ўрнига чили гаримдорисини экишни тавсия қилганди. Январда ҳукумат аччиқ гаримдори етиштириш бўйича қарорни маъқуллади.

Ҳар йили бутун дунёда 68,3 миллион тонна аччиқ гаримдори етиштирилади. Бир гектардан ҳосил 15—20 тоннани ташкил қилади. 4—5 кг ҳосилдан 1 кг қуритилган гаримдори олиш мумкин. Маҳсулотнинг 1 тоннаси дунё бозорида 8640 АҚШ долларни ташкил қилади, дейилганди ўшанда.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда илк тўққиз ойда қиймати 7,4 миллион АҚШ долларга тенг гаримдори экспорт қилинган. 15,6 минг гектар ерга гаримдори экиш учун «Ўзбекозиқовқатхолдинг» Ҳиндистон, Индонезия ва Жануби Кореядан 15,6 тонна уруғ сотиб олган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!