Ботир Қодиров ҳамда ЙПХ ходими ўртасидаги жанжал қачон ва қаерда юз берганди?

Ботир Қодиров ҳамда ЙПХ ходими ўртасидаги жанжал қачон ва қаерда юз берганди?

Ижтимоий тармоқларда таниқли хонанда Ботир Қодиров ва ЙПХ ходими ўртасидаги тортишув акс этган видео тарқалди. Ушбу видеода ЙПХ ходимининг иддао қилишича, автомобилини ҳаракатланаётганида белгиланган тезликни оширган Ботир Қодиров унинг қонуний талабига бўйсунмай, ҳужжатларини тақдим этишдан бош тортган. Журналист Миролим Исажонов мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида суриштирув ўтказди.

Хонанда Ботир Қодиров ва ёрдамчиларининг ЙПХ ходимлари билан жанжаллашгани акс этган видео бир неча кундан буён ижтимоий тармоқларни «портлатмоқда». 07:39 дақиқалик видеода ЙПХ ходимининг «Бошқа ҳайдовчилардан нима фарқингиз бор? Хонандаларга қонун йўқми?» сингари гап-сўзларини эшитиш мумкин. Видео остида ёзилишича, хонанда белгиланган тезлик 50 километр/соат бўлган ҳудудда соатига 103 километр тезликда ҳаракатлангани учун тўхтатилган. Ҳаттоки Ботир Қодировнинг шериклари ЙПХ ходимига куч ишлатиб, уни туртиб юборишга ҳаракат қилган. Гувоҳларнинг фикрича, хонанда ҳужжатини кўрсатмаган ва ЙПХ ходими талабларига бўйсунмасдан машинасини ҳайдаб кетиб қолган.

Facebook’даги бир қатор гуруҳлар ҳамда Telegram’даги каналларда тарқалган ушбу манзара кўплаб фойдаланувчиларнинг қизғин бахс-мунозараларини юзага келтирди. Айримлар ЙПХ ходимининг бу ҳолатни видеога олиб, тарқатиб юборганини қораласа, аксарият юртдошларимиз хонанда ўз обрўсига яраша иш қилмаганини, бурни «кўтарилиб» қолганини таъкидлаб, бу воқеага албатта, қонуний жазо кўрилишини айтишган.

Хўш, аслида ушбу воқеа қачон ва қаерда юз берган? Мазкур ҳолатда кўпроқ Ботир Қодировни айблаш тўғрими? ЙПХ ходими эса «оппоқми»? Шу ва бошқа саволларга журналист Миролим Исажонов жавоб топди.

Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизматидан олинган маълумотларга кўра, ушбу воқеа жорий йилнинг 23 сентябрь куни бўлиб ўтган. Видеода хонанда билан жанжаллашган шахс Фарғона вилояти ИИБ Йўл харакати хавфсизлиги бошқармаси йўл патруль хизмати баталони йўл-патруль хизмати иккинчи отряди, иккинчи сафарбарлик гуруҳи йўл-патруль хизмати инспектори, кичик сержант Акмалжон Обидов бўлиб, у ўша куни Олтиариқ тумани «Катпут-Қапчуғай» йўналишида ўзига хизматда фойдаланиш учун бириктирилган Nexia русумли транспорт воситаси ва «Искра-видео-2» тезлик ўлчаш мосламасида хизматга чиққан. У ўзининг хизмат фаолиятини олиб бораётган вақтида соат 08:57 да «Фарғона—Қўқон» йўналишида транспорт воситаларининг тезлиги 50 км/соат тезликгача чекланган ҳудудда Toyota Prado транспорт воситаси 103 километр тезликда ҳамда унинг ортида Captiva русумли транспорт воситаси соатига 67 километр тезликда ҳаракатланиб келаётганлигини аниқлаган ва уларни жезл ёрдамида тўхтатган. Ушбу автомашиналар ҳайдовчиларига ўзини таништириб, уларга бу ҳудудда соатига 50 километр тезликда ҳаракатланиш белгиланганлиги ва ҳайдовчилар томонидан тезликни оширганликлари, амалдаги йўл ҳаракати қоидаларини бузишганлигини тушунтирган. Шу туфайли уларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирганлигини маълум қилган вақтида ўзини қўшиқчи «Ботир Қодиров Шералиевич» ҳамда «Продюсер Асрор Исахўжаев Ахмадович», дея таништирган шахслар сафдор А.Обидовнинг қонуний талабига бўйсунмасдан, ўша ерда бўлган фуқаролар кўз ўнгида сафдор А.Обидовни ҳақорат қилиб, уни обрўсизлантиришган.

Юқоридаги ҳолат бўйича видеорадар тасвирлари инспектор томонидан ҳар иккала ҳайдовчиларга ҳам кўрсатилган. Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилояти ИИБ ЙХБ ходимлари томонидан қўшимча суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шундан сўнг биз хонанданинг продюссери Асрор Исахўжаевга қўнғироқ қилдик. У ҳозир бу борада гапиролмаслигини, аммо тез кунларда воқеа юзасидан албатта, маълумот беришини таъкидлади.

Мазкур видеонинг «ўргимчак тўри»да яшин тезлигидек тарқалиб, кўпчиликнинг ғазабини қўзғатганига салкам бир ҳафта бўлган бўлса-да, аммо шу вақт оралиғида ИИБ ЙҲХБ бу борада расмий маълумот бермаганига кишини ажаблантиради. Ёки улар бу видеони кўрмаганми ёҳуд вазиятдан бехабарми? Мутасаддилар ижтимоий тармоқларда билдирилаётган муносабатлар, салбий фикрлар, хонанданинг шахсияти-ю ижодига нисбатан айтилаётган «гўзал» ва «теша тегмаган» сўзларни ўқишмаяптими? Ёки ўқишса ҳам мум тишлаб олишганми?

Кимлардир «Тасвирни кўрганлар яна бирор ҳафтадан кейин буни унутиши мумкин», деган фикрда юрган бўлиши шубҳасиз. Аммо қонун ҳаммага тенг эканлигини сиз-у биздан яхши билувчи оддий халқ, кунора қоида бузавериб, жарима тўлаётган ҳайдовчиларнинг кескин норозиликларига воқеа бўйича мутасаддилар қачон янада аниқлик киритиб, жавоб беришади? Ўйлаймизки, ушбу вазият бўйича тегишли ташкилотлардан жўяли жавоблар кутиб қоламиз.

Биз эса мавзуга яна қайтамиз.

Manba: daryo.uz

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!