БМТ: Яман “тирик ўликлар” ўлкасига айланиши мумкин
БМТ Озиқ-овқат дастури (WFP) яманликларга етказиладиган озиқ-овқат ёрдами икки баравар орттирилишини маъулм қилди, дея хабар бермоқда DW.
Шу тариқа уруш гирдобида қолган мазкур мамлакат аҳолисининг ярмини – 14 миллион кишини ёрдам билан таъминлаш режалаштирилмоқда.
Озиқ-овқат дастури вакили Херве Верхусел кеча Женевада ўтказилган брифингда қуролли тўқнашувлар дарҳол тўхтатилиши зарурлигини, акс ҳолда Яман “тирик ўликлар, териси устихонига ёпишган одамлар ўлкаси”га айланиб қолишини таъкидлади. Шунингдек, у қуролли тўқнашувлар давом этаётган бир пайтда одамларга ёрдам етказишнинг мушкул эканига эътибор қаратди.
БМТ айни пайтда Яман дунёнинг энг йирик гуманитар инқирозини бошидан ўтказаётганини айтмоқда.
Manba: azon. uz