2020 йилда Жо Байден ва Камала Ҳарриснинг даромадлари қанчага ошди?

2020 йилда Жо Байден ва Камала Ҳарриснинг даромадлари қанчага ошди?

АҚШ президенти Жо Байден ўз рафиқаси Жилл Байден билан бирга 2020 йилда 607 минг 336 доллар ишлаб топган. АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис ва унинг турмуш ўртоғи Дуг Эмхофф эса Байден жуфтлигидан деярли 3 марта кўпроқ — 1 млн 695 минг 225 доллар даромад олган.

Бундай маълумотлар Байден ва Ҳарриснинг 18 майда эълон қилган даромад ҳақидаги декларацияларида келтирилган.

Байден олган даромадидан 25,9 фоиз солиқ ставкаси бўйича 154 минг 414 доллар солиқ тўлаган. Шунингдек, жуфтлик 1,2 млн доллардан 2,88 млн долларгача пул маблағлари ва активларга эгалигини маълум қилган.

Жо ва Жилл Байденлар федерал солиқдан ташқари, Делавэр штатига 28 минг доллар ва Виржиния штатига 443 доллар солиқ тўлаган. Жуфтлик 2020 йилда хайрия мақсадида 30,7 минг доллар сарфлаган.

Ўз навбатида, Ҳаррис ва Эмхофф жуфтлиги 2020 йилда олган даромадидан 36,7 фоизлик ставка бўйича 621 минг 893 доллар солиқ тўлаган.

Маълумотларга кўра, Байденнинг президент лавозимидаги йиллик маоши 400 минг долларни ташкил қилади.

Reuters ахборот агентлигининг хабар беришича, Байденлар даромади 2019 йилда 985 минг долларни ташкил қилганди. Президент даромадининг қисқариши 2020 йилги сайлов кампанияси давомида унинг пулли чиқишлари ва китоблари савдоси бўлмагани билан боғланган.

АҚШ қонунчилигига кўра, президентлар даромадлари ва тўлаган солиқлари ҳақидаги ахборотни ошкор қилишга мажбур эмаслар. АҚШнинг аввалги президенти Дональд Трамп бундай маълумотлар билан бўлишишни истамаган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!