Юнусобод собиқ ҳокимининг 400 минг доллари рафиқасига қайтарилади

Юнусобод собиқ ҳокимининг 400 минг доллари рафиқасига қайтарилади

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 13 май куни бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида Юнусобод тумани собиқ ҳокими Бахтиёр Абдусаматов, шунингдек, вақтинча ишсиз Ўткир Муҳаммадсаидов ва Миллий ПР-марказ корхонаси собиқ директори Шоҳрух Маликовга нисбатан ҳукмлар чиқарилди. Бу ҳақда Дарё мухбири Мусулмонбек Иброҳимов хабар бермоқда.

Воқеа тарихи

Юнусобод тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Абдусаматов ер участкаларини ажратиш учун пора олишда гумон қилиниб, 2018 йил сентябрида қўлга олинган эди. Унга Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми ва 2-қисми а банди (жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 210-моддаси 2-қисми а , б бандлари ва 3-қисм а банди (жуда кўп миқдорда пора олиш) билан айблов эълон қилинган эди.

Абдусаматов иши бўйича, шунингдек, вақтинча ишсиз Ўлмас Муҳаммадсаидов (у Жиноят кодексининг 28-моддаси орқали 168-моддаси 4-қисми а банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 211-моддаси 3-қисми а банди (жуда кўп миқдорда пора бериш) билан айбланган) ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Миллий ПР-марказ корхонаси собиқ бош директори Шоҳрух Маликов (у Жиноят кодексининг 212-моддаси 3-қисм а банди (ҳақ эвазига йирик миқдордаги пора олиш-беришида воситачилик қилиш) ва 211-моддаси 3-қисми а банди (жуда кўп миқдорда пора бериш) билан айбланган) ҳам судланаётган эди.

2019 йил 1 май куни бўлиб ўтган суд мажлисида Тошкент шаҳар прокурори ёрдамчиси Сардор Аҳмедов собиқ ҳоким Бахтиёр Абдусаматовдан пора олиш тўғрисидаги айбловни бекор қилишни сўради. Худди шу мажлисда Абдусаматов унинг қамоққа олинишини ДХХ раисининг собиқ биринчи ўринбосари Жаҳонгир Эгамов ва бошқармаларнинг собиқ раҳбарлари томонидан амалга оширилганини таъкидлаган эди. Унинг адвокати эса собиқ ҳокимнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги, қўлга олишда процессуал қоидабузарликларга йўл қўйилгани ва гувоҳларга босим ўтказилганини маълум қилганди.

Бахтиёр Абдусаматовга 5 йил

Судланувчи Бахтиёр Абдусаматов сўнгги сўзида қилмишларида шахсий мафаати бўлмаганини таъкидлади. Судья Зафар Нурматовга мурожаат қиларкан: Сизни тажрибали, адолатли судья деб эшитганман. Адолатли ҳукм чиқаришингизни истайман , деди.

Фото: Мусулмонбек Иброҳимов

Суд ҳукмига кўра, Абдусаматов ҳаракатларида кўп миқдорда пора олиш моддаси бўйича жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли юритилган жиноятнинг ушбу қисми ҳаракатдан тугатилди. У ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддаси билан айбли деб топилиб, унга 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимлардан ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Тайинланган жазо муддатини манзил-колонияларда ўташ белгиланди. Қамоққа олиш эҳтиёт чораси аслича қолдирилган ҳолда жазо муддати 2018 йил 10 сентябридан бошлаб ҳисобланадиган бўлди.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида етказилган моддий зарарни ихтиёрий равишда қоплаш мақсадида Абдусаматов томонидан тақдим этилиб, ДХХ депозит хизмат рақамига топширилган 400 минг доллар унинг турмуш ўртоғи Абдусаматовага қайтарилиши кўрсатиб ўтилди.

Тадбиркорлар Исроил Алимов, Умид Тўраев ва Шуҳрат Бобоев ҳамда фуқаро Музаффар Мусаевнинг собиқ ҳокимга нисбатан моддий ва маънавий даъволари йўқлиги билдирилди.

Ўлмас Муҳаммадсаидовга 10 йил 6 ой

Судланувчи Ўлмас Муҳаммадсаидов сўнгги сўзида одамлардан пул олганини, хато қилганини айтиб, унга имконият бериб, енгил жазо тайинлашларини сўради.

Фото: Мусулмонбек Иброҳимов

Суд уни жиноят иштирокчиларининг турлари орқали жуда кўп миқдорда фирибгарлик ва жуда кўп миқдорда пора бериш моддалари бўйича айбли деб топди ҳамда 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимлардан ишлаш маҳрум қилинган ҳолда 10 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Тайинланган жазо муддати манзил-колонияларда ўташ белгиланди. Қамоққа олиш эҳтиёт чораси аслича қолдирилган ҳолда жазо муддати 2018 йил 10 сентябрдан бошлаб ҳисобланадиган бўлди.

Ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг Муҳаммадсаидов томонидан фуқаро Ҳусан Каримов фойдасига етказилган 125 миллион сўм, Элшод Аюпов, Миркомил Зиёвуддинов фойдасига етказилган 20,5 миллион сўм ва Ўрол Каримов фойдасига етказилган 20 миллон сўм миқдоридаги ҳамда фуқаро Сарвар Рўзимуҳаммедов фойдасига етказилган 2 минг доллар моддий зарар ундирилиши белгиланди. Шунингдек, ундан пора предмети сифатида олинган 49 минг 500 доллар давлат фойдасига ундирилиши айтиб ўтилди.

Шоҳрух Маликовга озодлик

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Миллий ПР-марказ корхонаси собиқ бош директори судланувчи Шоҳрух Маликов сўнгги сўзида: Мен ўзимга нисбатан қўйилган айбларни туҳмат деб биламан. Адолатли ҳукм чиқаришингизни сўрайман , деб, судьяга мурожаат қилди.

Фото: Мусулмонбек Иброҳимов

Суд ҳукмига кўра, Шоҳрух Маликовга қўйилган ҳақ эвазига йирик миқдордаги пора олиш-беришида воситачилик қилиш ва жуда кўп миқдорда пора бериш айбловлари ўз тасдиғини топмади. У суд залидан озодликка чиқарилди.

Қимматбаҳо автоуловлар эгаларига қайтади

Хатланиб, ДХХга сақлаш учун топширилган иккита Captiva ва Malibu машиналари суд ҳукмига кўра, қонуний эгасига қайтарилиши ва машинага қўйилган тақиқ бекор қилиниши кўрсатиб ўтилди.

Фото: Мусулмонбек Иброҳимов

Тергов органининг 2018 йил 6 7 декабрдаги қарорларига мувофиқ иш бўйича ёзма далил деб эътироф этилиб, жиноят иши ҳужжатларига илова қилинган Юнусобод тумани ҳокими қарорлари, уяли алоқа компанияларидан олинган кириш-чиқиш қўнғироқлари бўйича маълумотлар жиноят иши ҳужжатларида сақланадиган бўлди.

Судья томонидан ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб, судланувчилар ва жабрланувчилар ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб 10 сутка ичида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясига, ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг эса жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг кассация инстанциясига шикоят бериш ёки протест билдириш ҳуқуқига эгалиги тушунтирилди.

Суд ДХХ ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига хусусий ажрим эълон қилди

Суднинг хусусий ажримига кўра, ДХХ Тергов бошқармаси раҳбарияти суд ишида қайд этилган тавсияларга эътибор қаратиши ва келгусида қонун бузилиши ҳолатлари олдини олиш борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқиши кўрсатиб ўтилди.

Фото: Мусулмонбек Иброҳимов

Тошкент шаҳар ҳокимлигига эса келгусида мансабдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш масаласи ваколатли бўлмаган шахслар томонидан муҳокама қилиш ҳолатларини олдини олиш борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқиш кўрсатиб ўтилди.

Қайд этилган идоралар мазкур хусусий ажримнинг муҳокамасида кўрилган чора-тадбирлар натижаси ҳақида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига маълумот тақдим этиши лозим. Ажримга 10 сутка муддат ичида хусусий тартибда шикоят ёки протест билдириш мумкинлиги эслатиб ўтилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!