Видео: Учтепада ҳайдовчини дўппослаган безорилар кечирим сўрашди

Видео: Учтепада ҳайдовчини дўппослаган безорилар кечирим сўрашди

Аввалроқ Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида икки йигит «нотўғри парковка» сабабли бир йигитни дўппослагани хабар қилинганди.

Ўзини ҳодиса жабрланувчиси дея таништирган Д.Ш.нинг маълум қилишича, ҳодиса жорий йилнинг 4 октябр куни Учтепа туманида жойлашган “Al Hilol”кафеси олдида юз берган.

Унинг таъкидлашича, машинасини жойлаштирганидан сўнг ундан тушиб кетаётган вақтида орқада турган йигит уни чақириб, машинани унинг машинасига яқин қўйганлигига эътироз билдирган. Қисқа мунозара жанжалга айланиб, ўртага бошқалар ҳам қўшилган ва бир томонлама дўппослаш юз берган.

Мазкур дўппосланиш натижасида Д.Ш.нинг жағи синиб, мияси чайқалган ва касалхонага ётқизилган.

«Ёшлар» телеканалида бу зўравонлар ҳақида лавҳа намойиш этилди. Улар ўзларини нима учун бундай тутишганини айтиб беришди ва кечирим сўрашди.

Пойтахт ИИББнинг билдиришича, ҳодиса 4 октябрь куни тахминан соат 19:15да Учтепа туманидаги «Al Hilol» кафеси олдида содир бўлган.

«Мазкур ҳолат бўйича 16 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 277-моддаси («Безорилик») билан жиноят иши қўзғатилган. Калтакланган йигит ўртача оғирликдаги тан жароҳатлари олган. Безорилик қилган 24 ёшли Дониёр А. ва 33 ёшли Анваржон Р.га жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, бир гуруҳ шахслар томонидан баданга ўртача оғир шикаст етказиш бўйича айблов эълон қилинган.

Айни вақтда тергов ишлари давом этмоқда», дейилади Тошкент шаҳар ИИББ хабарида.

Manba: kun. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!