ВИДЕО! Қашқадарёлик ҳайдовчи ЙПХ ходимининг саводсизлигини исботлади

ВИДЕО! Қашқадарёлик ҳайдовчи ЙПХ ходимининг саводсизлигини исботлади

Ижтимоий тармоқларда қашқадарёлик ҳайдовчи ЙПХ ходимининг саводсизлигини исботлаб берган видео тарқалди. Мазкур видеога муносабат билдирган Қашқадарё ИИБ ахборот хизматининг ёзишича, воқеа жорий йил 8 январь куни Ғузор туман ҳудудида содир бўлган. Бу ҳақда "Дарё" ёзмоқда.

Маълум қилинишича, 2020 йил 8 январь куни Ғузор тумани ҳудудида ўз хизмат вазифасини бажараётган 1-ЙПХ отряди 1-сафарбарлик гуруҳи катта инспектори, катта сержант А.Мейлиев соат 17:20 да Spark ҳайдовчисини тўхтатган. ЙПХ ходими Қарши шаҳридан Ғузор туманига ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчига ўзини таништириб, автомашинага ишлаб чиқарилган корхона томонидан назарда тутилмаган фаралар ўрнатганлиги, бу эса «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 7,3 бандидаги жавобгарликни келтириб чиқаришини айтганида ҳайдовчи ЙПХ инспекторига нотўғри гапираётганлигини асослаб берган. Шунда ЙПХ инспектори ўзининг адашганлигини айтиб, «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 7,2 бандида назарда тутилган қоидабузарликни содир этганлигини таъкидлаган. Ҳайдовчи ЙПХ инспекторига 7,2-бандида бошқа қоидабузарлик учун жавобгарлик белгиланганлигини таъкидлаган.

— Ҳайдовчи Мақсуд Музаффаров ЙПХ инспекторининг билим савияси пастлигини билганидан сўнг уни масхара қилишга ҳаракат қилган, — дейилади ИИБ ахборот хизмати тарқатган маълумотда. — Шунда М.Музаффаровнинг автомашинасида бўлган 2 нафар фуқаро бўлаётган жараённи видеотасвирга олиш учун автомашинадан тушиб, қўл телефонига тасвирга олаётган вақтида Ғузор туманида яшовчи фуқаролар билан ўзаро тортишиб қолган.

Катта сержант А.Мейлиев томонидан тўхтатилган Spark ҳайдовчисининг олдига сафдор С.Мансуров бориб ҳайдовчига товуш чиқарувчи сигналлари ўрнатилганлиги, бу «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 7,8-банди, яъни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 127-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этиб юрганлигини айтган ва катта сержант А.Мейлиевга фуқаро М.Музаффаровга нисбатан содир этган қоидабузарлиги бўйича маъмурий баённома расмийлаштириш кераклигини маълум қилган.

Катта сержант А.Мейлиев фуқаро М.Музаффаровга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириб, автомашинани жарима майдонига юбориш мақсадида эвакуаторга ортмоқчи бўлганида ҳайдовчи ЙПХ ходимининг қонуний талабларига бўйсунмасдан автомобилида йўлининг қарама-қарши томонига чиқиб қочиб кетган. У Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 194-моддаси ва 128-моддаси 2-қисмида назарда тутилган қоидабузарликларни содир этган.

Айтилишича, ҳайдовчи транспорт воситасининг қайд этиш гувоҳномаси ва ҳайдовчилик гувоҳномасининг талони ЙПХ ходими қўлида қолган.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан хизмат текширув ўтказилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!